3 май куни Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 28-мактабда шоир, таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо билан шу мавзуда ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, шунингдек, Удамали қишлоғи фаоллари иштирок этди.
Ушбу адабий анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Китобсевар миллат” шиори остидаги туркум ҳуқуқий-маърифий тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Тадбир бошида бугунги техника-технологиялар асрида ёшларимиз онгига адабиётга меҳр, китобхонлик, бадиий савия тушунчаларини сингдириш, уларнинг адабий тафаккурини кенгайтириш ижод аҳлига катта масъулият юклашига эътибор қаратилди. Шу мақсадда юртимиз бўйлаб талаба ва ўқувчи ёшларни китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Ғулом Мирзо шеърият, наср, публицистика, таржима соҳаларининг ўзи англаган сир-асрори ҳақида сўзлади. Қизғин ва самимий суҳбат мушоирага уланиб, шоир ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди.
Тадбир меҳмонлари ҳам ёш истеъдодларнинг ижодидан баҳраманд бўлди. Фаол ёшларга китоблар совға қилинди.
Ўқувчиларнинг ижод намуналарини тинглаш асносида ҳавасманд ёшларга баркамол бадиий асарлар яратиш йўлида адабий йўриқ ва тавсиялар берилди. Ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши ва дунёқарашини кенгайтиришда мутолаанинг аҳамияти юқори эканлиги уқтирилди.
Ўқувчи-ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзга чиққан 28-мактаб директори Шукурулло Шойзоқов, “Удамали” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари, фахрий педагоглар Бердимурод ота Ҳайитқулов, Абдираҳмон ота Мусурмонов ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда китобхонликка берилаётган эътибор ва рағбатнинг аҳамиятини юксак баҳоладилар. Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти, қалбларни ёритувчи нур, тафаккурни бойитувчи хазина, маънавий комилликка етакловчи ҳамроҳ экани таъкидланди.
Учрашув якунида мактаб кутубхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан 50 та китоб тақдим этилди. Ушбу китоблар ичида академик Акмал Саидовнинг ҳуқуқий-тарихий ва адабий-фалсафий мавзудаги янги китоблари ҳамда шоир Ғулом Мирзонинг яқинда нашрдан чиққан 6 жилдлик асарлари тўплами ҳам бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.05.2024
- Кўришлар: 1627
- Чоп этиш