Дебат-клубнинг навбатдаги йиғилиши аёллар ҳуқуқларига бағишланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида 2019 йил 16 май куни ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар идоралараро ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Академияда таълим сифатини ошириш ва талабаларнинг назарияни амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб боришларини таъминлаш мақсадида Миллий марказ билан ҳамкорликда мунтазам равишда дебат-клублар ўтказиш йўлга қўйилди.

3 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида дебат-клубнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг бакалавриат босқичи талабалари учун мўлжалланган ушбу ҳуқуқий-маърифий мунозаралар “Аёллар ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилди.

Тадбир аввалида кейинги йилларда юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ажралмас ҳуқуқларини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Хотин-қизларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келаётгани эътироф этилди.

Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Бунда ўтган йили аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этади. Чунки шу асосда оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиб, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди.

Шу билан бирга муҳокамаларда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланган.

Мазкур миллий таълим дастури тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланмалар ва рисолаларни доимий равишда чоп этиш йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида айни йўналишда қабул қилинган янги расмий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, 2023 йил 11 апрель куни қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг  аҳамияти кенг муҳокама қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech