“Бугунги кунда мамлакатимизда мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда”. Ушбу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевга тааллуқли. Давлатимиз раҳбарининг эътирофича, таълим ва маърифатни рағбатлантириш ишига ҳисса қўшаётган инсонлар сиймосида биз жадид боболаримизнинг муносиб давомчиларини, уларнинг ушалаётган орзу ва интилишларини, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини кўрамиз.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари Акмал Саидов ва Қаландар Абдураҳмоновнинг 6 май куни Қашқадарё вилоятидаги бир қатор таълим масканларида ўтказган давра суҳбатлари ва учрашувларининг мазмун-моҳияти айни шу фикрлар билан ҳамоҳанглик касб этди. Ушбу тадбирлар Қарши шаҳри ва Чироқчи туманида ташкил этилган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари билан яқиндан танишиш ҳамда ёшлар билан маърифий мулоқот ўтказиш мақсадида ташкил этилди.
Даставвал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов билан Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Қ.Абдураҳмонов Чироқчи туманига ташриф буюришди.
Ҳар икки академик Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов ҳамроҳлигида ушбу ҳудуддаги Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли ихтисослашган мактабда бўлдилар. Бу ерда ўтказилган учрашувда академиклар ўз ҳаёт йўли ва илм-фан соҳасидаги изланишлари натижалари ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларда ёшларга яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш хусусида ўқувчиларга тавсиялар беришди.
Учрашув якунида академиклар мактаб кутубхонаси учун ўзлари муаллифлигидаги илмий ва бадиий китобларни ҳадя қилишди. Ўз навбатида, туман ҳокими ҳам мактаб кутубхонаси учун турли тиллардаги бадиий китобларни совға қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.05.2024
- Кўришлар: 1622
- Чоп этиш