Шоир Ғулом Мирзо – 60 ёшда
Давр – тафаккурга, тафаккур – даврга ўзгартирувчи, ислоҳ этувчи таъсир ўтказади. Ижтимоий муҳит бадиий муҳитга, бадиий муҳит ижтимоий муҳитга, турмуш тафаккурга, тафаккур турмушга, ҳаёт адабиётга, адабиёт ҳаётга таъсир этади. Бу таъсир мунтазамдир. Бу таъсирнинг табиати ўзгарувчи ва ўзгартирувчидир. Бу таъсир йўлига қанчалик мустаҳкам девор қўйилмасин, шу таъсир шу деворни йиқитади ёки дераза ойнасидан биқиқ хонага ёхуд қоронғи хонадан ёруғ ташқарига тушаётган нурдек уни ёритиб ўтаверади.
Истибдод йиллари шеъриятининг энг таранг пардаси шу даврнинг олтмишинчи йиллари ва сўнгги йиллари шеъриятидир. Давр, муҳит, онг ўзгарди. Тез ўзгарди. Ўзгариш жараёни шиддат билан давом этмоқда. Бу шиддат тезлиги тафаккур ўзгариши тезлигидан анча илгарилаб кетди. Ундан-да илгарида ўзгараётган бадиий тафаккур ўз тезлигида бормоқда. Тафаккурнинг бадиийлиги унинг бошқа хусусиятларидан олдинда бормоқда. Истибдод йиллари шеърияти даврнинг ўзгаришига онг орқали таъсир этди. Мустақиллик йиллари эса шеърнинг табиатига ижтимоий муҳит орқали таъсир этмоқда. Шеър ўзгармоқда. Шеърнинг табиати ўзгараётир. Бу ўзгариш дарахтининг илдизи, шубҳасиз, жуда чуқур. “Сув”га етган. Бадиий тафаккур ўзгаришининг ўсиши янги шеър дарахтини ўстирмоқда. Аммо бу ўсиш, назаримда, узлуксиз эмас. Балки узилган–узилган. Бу ўсиш бўғинларини жуда ингичка, лекин мустаҳкам ришта боғлаб турибди. Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азимнинг кейинги йиллардаги шеърлари, Абдували Қутбиддиннинг шеърлари ҳамон янги шеърлар бўлиб турибди. Абдувоҳид Ҳайит бу манзарага ўзгариш киритишга ҳаракат қилмоқда.
Янги шеърнинг, ўзгараётган шеърнинг, айниқса, бир хусусияти Ғулом Мирзо ижодида жуда тиниқ акс этган. Бу қандай хусусият? Бадиий, таъбир жоиз бўлса, шеърий тафаккурнинг фақат кечинмаларга, фақат туйғуларга асосланиши, яъни дунёга ўз кўнглидан, ўз юраги ичидан қараш. Ўз қалбини, яъни ўз ҳис-туйғусини олам-жаҳондан-да каттароқ, оғирроқ, бойроқ, ранг-барангроқ деб билиш. Умуман, шеърият бу борлиқни, муҳитни шахсийлаштиради. Янги шеър, жумладан, Ғулом Мирзо шахсийни, “мен”ни муҳитнинг муҳитига, борлиқнинг борлиғига эврилтиради. Янги шеър яратган катта авлод (Рауф Парфи ва бошқалар) ижодида бадиият эстетикаси ижтимоиёт билан муносабатга кирса, бугунги янги шеърда (Абдувоҳид Ҳайит, Иқбол, Рустам Мусурмон, жумладан, Ғулом Мирзо ижодида) бадиият эстетикаси ўз-ўзи билан, ўз манбаи, яъни ижодкор шахснинг ўзи, ўзининг ўй, ҳислари билан муносабатга киришади. Ғулом Мирзо анъанавий шеърдан ифода этиш сифатини, янги шеърдан мажозийлик (аслида, мажозийлик мумтоз адабиётимизга хос бўлган, истибдод йиллари шеърларида хусусий тарзда мавжуд бўлса-да, умумий тарзда йўқолган эди) сифатини ўзлаштирган, у кейинги йилларнинг ижтимоий муҳитида янги шеърнинг шаклланишига ўз ижоди билан озми-кўпми ҳисса қўшаётган қаламкашлар қаторида ташбеҳ, мажоз, тимсол, ўхшатишлар воситасида ўзини ифода этади. Масалан:
Тушларимга кипригингиз ботиб уйғотдими, ёр,
Тушларингиз кипригимдан тортиб уйғотдими, ёр?
Ой билан сиз тушга кирган бир ажиб тундан кейин
Тонг қуёшни олма янглиғ отиб уйғотдими, ёр?
Ёки:
Эй, қошида мўйчинак ўтлаган...
Мўйчинак ўтламайди, албатта. Лекин унинг ҳаракат манзараси тасаввур этилса, у чиндан ҳам “ўтлаётган”га ўхшайди.
Ёки:
Ғанимларнинг кафтида гулдай,
Ғижим бўлиб қолур пичоқлар –
Сен майин жилмайсанг.
Ошиқлик, мафтункорлик нималарга қодир эмас! У – бир жилмайишда пичоқларни гулдай ғижимлаб ташлайдиган сеҳрли қудрат кўради.
Яна:
Кактус соқолини олмабди ҳали...
Ёки:
Зинапоя гармон бўлиб куйлайди сени...
Булар сингари оригинал ташбеҳлар Ғулом Мирзо ижодига хосдир. Унинг шеърларига хос яна бир фазилат – равонлик, оҳангдорлик, мусиқийлик. Сўзларни тўғри – заргарона аниқлик билан ишлатиш. Ғулом Мирзо шеърларида сунъийлик, тўқиб чиқариш, ясамалик йўқ. Айниқса, сўзлардан моҳирона фойдаланади у. Қуйидаги тўртликда ифода равонлигига аҳамият беринг:
Қадаҳини синдирар лола,
Кўйлакларин йиртар атиргул.
Қўлларида кемтик пиёла,
Қизғалдоқ сув узатар нуқул.
Яна:
Баҳор, баҳор, эй буюк Моний,
Довотингдан томар кечмишлар...
Янги шеър фақат туйғулар, кечинмалардан иборат бўлиб қолмаяптими? Қамров-кўлами торайиб, саёзлашиб, таъсири сустлашмаяптими?
Шундай савол пайдо бўлишининг ўзи бу тўғрида ўйлаб кўришга асос бўла олади. Ушбу саволга Ғулом Мирзо ижодидан шундай жавоб топиш мумкин:
Юр, ойда яшаймиз, малагим...
Ёки:
Пешонамизда эса туз кўп,
Яшаганимиз сари кўпроқ.
Мажоз, тимсол, ўхшатишлар шеърга гўзаллик бахш этади. Бу бадиий воситалар янги шеър таркибига тобора сингиб бормоқда. Баъзан шундай бўладики, мажоз, ташбеҳларга ортиқча ошуфталик ташбеҳни шеърнинг умумий руҳидан йироқлаштириб қўяди. Ташбеҳ, мажозларни ишлатиш учунгина шеър ёзилганга ўхшайди. Ғулом Мирзо ижодида бундай эмас. Унинг шеърларида мажоз, тимсоллар шеърнингг умумий руҳини бойитади. Масалан:
Арқон судраб ўтар илонлар йўлдан,
Тошбақа осмонни кўчириб ҳалак.
Очилар иккита оқ атиргулдай,
Қўнғирот йўлида иккита лайлак.
Бу сатрларнинг ҳар бирида ташбеҳлар маржондек тизилиб келади, сатрлардан сатрларга ўсиб, шеърнинг мундарижасини гўзаллаштиради. Туйғунинг таъсир кучини оширади. Шеър манзарасини бойитади.
Ушбу хусусиятлар Ғулом Мирзо шеъриятининг хос фазилатларидир.
Салим АШУР
- Қўшилди: 10.05.2024
- Кўришлар: 1531
- Чоп этиш