Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 10 май куни «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ушбу муҳим ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича амалий тадбирлар режаси ижросини таъминлаш, зўравонликдан азият чеккан шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат сифатини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадлари ижобатига қаратилган.
Қарорга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга «оила – маҳалла – туман ва ҳудуд» тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб:
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилади;
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига келиб тушган мурожаатлар асосида рўйхатга олинади;
- тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади:
– хотин-қизлар фаоли ва маҳалладаги профилактика инспектори иштирокида тазйиқ ва зўравонликни содир этган шахс билан суҳбат ўтказилади;
– профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилади;
– тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч қабул бўлимларига жойлаштирилади;
– расмийлаштирилган ҳимоя ордерлари ва жабрланган шахсларга доир маълумотлар «Инсон» марказларига «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали юборилади.
Бундан ташқари, тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналарини жорий йил давомида босқичма-босқич асосда ташкил этиш белгиланди.
Қарорга асосан иккита ҳужжат – Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилишга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда Зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган медиа-режа тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1514
- Чоп этиш