Ёшлар билан учрашувлар самарали бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов ҳамда академик Қаландар Абдураҳмоновлар Самарқанд вилоятида бўлиб, бир қатор таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

Хусусан, Самарқанд давлат университетида иқтидорли талабалар билан бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашув чоғида академиклар ўзлари босиб ўтган ҳаёт йўллари, эришган ютуқлари ҳақида, шунингдек, бугун юртимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов университет фаолияти, бу ерда талаба ёшлар учун яратилган шароитлар, қулайликлар билан яқиндан танишиб, профессор-ўқитувчилар фаолиятига юқори баҳо берди.

Учрашув якунида академиклар томонидан фаол ўқитувчи ва талабаларга китоблар совға қилинди.

Мазкур учрашувлар давомида академик А.Саидов ҳамда Қ.Абдураҳмоновлар Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби ва ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларда ҳам бўлиб, ўқувчи ёшлар билан очиқ мулоқотлар қилишди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech