14 май куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигида нашр этиладиган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ижодий жамоаси (журнал бош муҳаррири – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Эрназаров) ушбу нуфузли танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллар учун” номинацияси ғолиби бўлди.
Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топаётганининг ёрқин далолатидир. Сўнгги йилларда ахборот тарқатиш жараёнида катта масъулият билан касбий бурчни, журналистик касби этикасини теран англаган ҳолда ёндашиш тобора долзарблик касб этмоқда.
Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган “Олтин қалам” Миллий мукофоти Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан 2006 йилда таъсис этилган ва ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида танлов такомиллашиб, унинг қамрови янада кенгайди.
Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бошлаб “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.
Бош миллий мукофот соҳибига енгил автомобиль берилиши белгиланди. Шунингдек, 1-ўрин соҳиби – Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баравари, 2-ўрин соҳиби – 175 баравари, 3-ўрин соҳиби – 150 баравари, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бир ғолиби эса100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Бу йилги танловга телевидение йўналишида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телеканалларида фаолият олиб бораётган 98 нафар журналист ўз материалларини тақдим этган бўлса, радио йўналишида 26 нафар, босма ОАВ йўналишида эса энг кўп — 178 нафар, интернет нашрлари йўналиши бўйича 75 нафар, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам ҳар йилгидан кўп — 40 дан ортиқ давлатдан 100 нафарга яқин журналист қатнашган. Яъни, жорий йилда олдинги йилларга нисбатан жамоавий иштирок этувчилар сони 3 баробар ошган, яъни 40 тага яқин таҳририят танловга ижодий ишларини тақдим этган.
Танлов иштирокчилари кўплигини, тақдим этилган ижодий ишларнинг ранг-баранглигини ҳисобга олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси яна иккита қўшимча рағбатлантирувчи номинация жорий этди ва ғолиблар тақдирланди. Ғолибларга “Олтин қалам” миллий мукофотининг статуэткаси, дипломи, пул мукофотлар тантанали топширилди.
Миллий марказ жамоаси “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ижодий жамоасини ушбу эътироф билан самимий қутлайди. Келгусидаги ижодий фаолиятида улкан зафарлар, янада юксак мукофотларга эришишда муваффақият тилайди!
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1493
- Чоп этиш