Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларига бағишланган ўқув курси давом этмоқда

15 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси давом этди.

Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 35 йиллигига бағишланган.

Иккинчи кунда дастлаб Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Халқаро ҳуқуқ ва оммавий-ҳуқуқий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шаҳло Сафарова “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида маъруза қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Котибиятининг Бола ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш бўйича етакчи мутахассиси Саттор Раҳматовнинг “Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши” деган маърузаси тингланди.

Мустақил амалий машғулот ҳам ўтказилди. Бунда Миллий марказ мутахассислари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформадаги ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида сайёр машғулотлар бўлиб ўтди. Тингловчилар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Асқар Ғафуров, Конституциявий суд судьялари Абдуманноб Раҳимов ва Раҳат Исмайловнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг ўрни” мавзусидаги маърузалари ҳавола этилди.

Шунингдек, Конституциявий суд Девони раҳбари Нилуфархон Саид-Газиева ва катта эксперт Камола Хамидованинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқиш тартиби” мавзусидаги маърузалари тингланди. Семинар шаклида ташкил этилган учрашув якунида тингловчилар Конституциявий суд фаолиятига оид саволларига судьялар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилмоқда. Бундан мақсад БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech