16 май куни “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курсининг навбатдаги машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Академия бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов машғулотлар мавзусининг аҳамиятига эътибор қаратди. Айни ўқув курси Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ўтказилаётганини таъкидлади.
Машғулотларнинг учинчи куни асосан Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти батафсил талқин этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар номзоди Хуршид Каримов ўз маърузасида ушбу ҳужжатнинг халқаро ҳуқуқда тутган ўрни ва аҳамиятини очиб берди.
Ўз навбатида, Академия кафедра бошлиғи Азиз Ҳикматов “Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт” мавзусида маъруза қилди. Бунда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий профилактика механизмлари моҳияти таҳлилга тортилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Илмий маркази бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида тўхталди. Унинг “Мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги маърузасида бу борадаги халқаро ва миллий амалиёт синчков таҳлилдан ўтказилиб, муҳим тадқиқот натижалари ва аниқ амалий мисоллар келтирилгани тингловчиларга манзур бўлди.
Ушбу тўрт кунлик ўқув курси БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 35 йиллигига бағишланган. Машғулотларда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган вазирлик ва идоралардан 20 дан ортиқ масъул ходим қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.05.2024
- Кўришлар: 1466
- Чоп этиш