КОНСТИТУЦИЯВИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИНИНГ БУРЧИ

Сўнгги даврда сайёрамиз миқёсидаги беқарорлик шу даражага етдики, ҳатто бир-бирини яқин-яқинларгача дўсту ҳамкор ҳисоблаб келган давлатлар ўртасидаги ишончга ҳам путур етмоқда. Давлатимиз раҳбари ташвиш билан қайд этганларидек, эртага дунёдаги бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини, афсуски, ҳеч ким билмайди.

Ушбу очиқ ва аччиқ мулоҳазалардан барчамиз сабоқ чиқаришимиз, аниқ хулосаларга келишимиз лозим. Яъни, бугун ер юзида содир бўлаётган турли нотинчликлар:

биринчидан, ана шу воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва лоқайд бўлмасдан, халқаро майдонда огоҳ, ҳушёр ва сергак тарзда фаолият олиб боришимизни тақозо этади;

иккинчидан, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиёти, Ватанимиз тинчлиги ва ободлиги, халқимиз бахти ва фаровонлигини таъминлашга, бу йўлда жамиятимизни бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорликка чорлайди;

учинчидан, ҳар биримизни конституциявий ватанпарвар бўлишга ундайди.

 

Конституциявий ватанпарварлик – ташаббускорликдир

 

Конституция – доимо ҳаракатдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат. Яъни, у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс этиради. Ҳозирги кунда конституциявий ватанпарварликни шакллантириш – устувор вазифа.

Шу маънода, бир томондан, Ҳаракатлар стратегияси Янги Ўзбекистоннинг конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилган бўлса, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш вазифасини кун тартибига қўйди.

Айни чоғда, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф – конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.

Энг муҳими, ушбу ташаббус айнан сайловчилар, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар фаоллари – мамлакат аҳолисининг турли қатламлари вакиллари томонидан кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди. Сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини чуқур ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Президенти конституциявий ислоҳотлар заруриятига алоҳида урғу берди.

Шундай қилиб, мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами конституциявий ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиб майдонга чиққан бўлса, Юртбошимиз конституциявий ислоҳотларнинг бош ғоявий илҳомлантирувчисига айланди. Яъни, халқимиз ва Президентимиз конституциявий ислоҳотлар ташаббуси билан чиқиб, чинакам конституциявий ватанпарварлик намунасини кўрсатди.

 

Конституциявий ватанпарварлик – дахлдорликдир

 

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

Президентимиз  конституциявий ислоҳотларга бевосита дахлдорлигининг яна бир тасдиғи: Ш.М.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги алоҳида бир фасл  айнан “Конституциявий ислоҳотлар – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат”, деб номланган. Унда сайловолди учрашувлари пайтида халқ билан мулоқот жараёнида ўртага ташланган муҳим таклиф ва ташаббуслар, бугунги тараққиётимиз ва истиқбол режаларига оид хулосалар ўз аксини топган.  

Албатта, кенг жамоатчилигимиз Халқ Президентининг бу борадаги ташаббускорлиги ва дахлдорлигига муносиб даражада фаоллик кўрсатди. Чунки замонга мос ҳаракат ва демократик ўзгаришларни талаб этаётган бугунги шиддатли давр мезонларига жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш – миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб ишдир.

Бошқача айтганда, конституциявий ислоҳотларни натижадорлик билан якунлаш борасида Ўзбекистон халқи ва Президенти ўзларининг Ватанимиз тақдирига бирдек дахлдорлигини – руҳи бедорлиги ва қалби уйғоқлигини намоён этди. Бу ҳам конституциявий ватанпарварликнинг ўзига хос ёрқин намунасидир.

 

Конституциявий ватанпарварлик – масъулиятдир

 

Қонунни қабул қилиш – ишнинг ярми, унинг ижросини ташкил этиш ва таъминлаш қолган ярмидир, дейдилар. Бу нақл Конституцияга ҳам тааллуқлидир.

Конституциямизнинг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқи томонидан “ваколатли вакиллари тимсолида”, яъни парламент аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли равишда, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз Асосий қонунининг янги таҳририни “ягона Ўзбекистон халқи” бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда: биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги; иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши; учинчидан, бутун мамлакат ҳудудида ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкили этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Конституциявий ватанпарварлик – Конституция ва қонунларга итоаткорлик

 

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг алоҳида боби, яъни III боб –  “Конституция ва қонуннинг устунлиги”, деб номланган. Ўз навбатида, Асосий қонунимизнинг 16-моддасида Конституция нормаларини тўғри талқин этиш ва тўлиқ бажариш ҳамда уларга қатъий  риоя этиш зарурлигига оид муҳим қоидалар қайд этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради.

Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданиятсиз Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо, Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди. Шу боис жамиятда конституциявий маданиятни шакллантириш устувор аҳамият касб этади.

Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий таъкидлаганидек, билим яхши хулқ-атвор билан безатилган бўлиши лозим. Демак, ҳуқуқий билим ва конституциявий хулқ-атворни ўзаро мужассам этган ҳолда, Конституция нормалари ҳар бир шахс ва бутун жамият ҳаётига чуқур татбиқ этилиши даркор.

Бинобарин, Конституция – алоҳида ҳуқуқий мақомга эга олий даражадаги ҳужжат, жамият ва давлат ўртасидаги ўзига хос ноёб жамоатчилик шартномасидир. Чунки фуқаролар айнан шу Асосий қонун негизида тегишли давлат органларига ҳокимиятни бошқариш ваколатини ишониб топширадилар.

Конституция ажралмас ижтимоий қадриятларни, очиқ, адолатли, демократик жамият учун таянч бўлиб хизмат қиладиган тақдируламал ғояларни, шунингдек, давлатни тараққий эттиришнинг устувор мақсадларини ўзида ифода этади. Конституциявий маданиятни ривожлантириш негизи бўлган ана шу конституциявий воситалар, яъни конституциявий қоидаларни атрофлича ўрганиш ҳамда теран тафаккур қилиш орқали инсон ўзлигини қайта кашф этади.

Бу ўринда ИНСОНнинг Конституцияда кафолатланган ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ва мажбуриятларининг том маънодаги эгаси сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Зеро, конституциявий ватанпарварлик худди шу асосда шаклланади ва айни ҳуқуқий фазилат инсон камолотининг ёрқин кўрсткичларидандир.

 

Конституциявий эътиқод – ватанпарварлик асоси

 

Конституциявий ватанпарварлик тушунчасининг туб мазмун-моҳияти шуки, бунда фуқаролар ўз Ватани ва халқини, унинг тарихи, маданияти, азалий қадриятлари ва ҳуқуқий анъаналарини фақат севиш ҳамда ҳурмат қилиш билангина чекланиб қолмайди. Балки улар зиммасидаги конституциявий мажбуриятларни ҳалоллик ва улкан масъулият билан адо этиш орқали Конституцияда қайд этилган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилади.

Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш нафақат давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг вазифаси, балки ҳар бир фуқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний бурчидир. Конституция талабларини бажариш, уларга сўзсиз ва қатъий риоя қилиш ҳар бир инсоннинг эътиқодига айланмоғи лозим.

Конституциявий ватанпарварлик билан ҳуқуқий маданият тарғиботи узвий боғлиқликда, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий маърифати, тарбияси ва таълимини кучайтириш йўли билан олиб борилиши даркор. Бу жараёнда Асосий қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳолига атрофлича шарҳлаб ва тушунтириб бориш давр талабидир.

 

Конституциявий ватанпарварлик – садоқат ва жасорат

 

Аксрият ҳолларда ушбу икки муҳим тушунча ўта тор доирада талқин қилинади. Яъни, “садоқат” сўзи маиший мазмунда (эр-хотиннинг бир-бирига содиқлиги сифатида) қанчалик кўп қўлланилса, “жасорат” сўзининг ҳарбийларга хос атама сифатида қабул қилиниши ҳолатлари шунчалик кўп учрайди.

Бу, ўз навбатида, садоқат – фақат эр-хотин ўртасида бўлиши ва жасорат эса ҳарбийлар (борингки, қасамёд қабул қилган ва погон таққан барча Ватан посбонлари ҳамда қонун ҳимоячилари) томонидангина кўрсатилиши кифоя, деган тор тушунчани келтириб чиқаради. Бундай ёндашув мутлақо нотўғри, янада ёмони, зиёнкордир.

Аслида, агар садоқат (содиқ) сўзининг маъноси ва тарихига назар солинса, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарларида уни  рост гапирувчи, тўғри айтувчи, садоқатли, вафодор каби турли маъноларда қўллагани кўринади. Шунингдек, жасорат сўзи – мардлик, қўрқмаслик, шижоат; қаҳрамонлик, ботирлик, довюраклик маъноларини беради.

Мухтасар айтганда, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳаётимизга теран татбиқ этиш учун ҳар биримиздан, албатта бемисл садоқат ва жасорат кўрсатиш талаб этилади. Улуғ аллома аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Ҳар доим қўлинг – ишда, қалбинг – Оллоҳда бўлсин!”, деган пурҳикмат насиҳати замирида ҳам, аслида, айнан садоқат ва жасоратга, бугунги давр тили билан айтганда, конституциявий ватанпарварликка даъват ўз мужассамини топган.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

«Куч — адолатда» газетасининг 2024 йил 17 май кунги 25 (1007)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech