17 май куни Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси якунига етди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури асосида ташкил этилди. Бунда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифалар талабларидан келиб чиқилди.
Мазкур ўқув курси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 35 йиллигига бағишланди. Машғулотларда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол иштирок этаётган вазирлик ва идораларнинг 20 дан ортиқ масъул ходими қатнашди.
Машғулотларнинг тўртинчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоевнинг чиқиши билан бошланди. У “Инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг роли” мавзусида маъруза қилди.
Якуний машғулотлар доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларни тайёрлаш ҳамда халқаро органлар тавсияларини амалга ошириш тартиби масалалари кўриб чиқилди. Тингловчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Суҳроб Бозоровнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг долзарблиги ва аҳамияти” ҳамда Аббосбек Набиевнинг “БМТнинг шартномавий қўмиталарида индивидуал мурожаатларнинг кўриб чиқилиши” мавзуларидаги маърузаларини тинглади.
Миллий марказ ходимлари томонидан тингловчиларга миллий ҳисоботларни тайёрлаш, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини тўлиқ ва аниқ амалга ошириш жараёнлари ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди. БМТнинг шартномавий қўмиталарида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш тартиблари бўйича ҳам қимматли тавсиялар берилди.
Муҳокамалардан сўнг иштирокчиларнинг ўзлаштириш даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилди. Синов натижалари бўйича етарли балл тўплаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.05.2024
- Кўришлар: 1520
- Чоп этиш