Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Сенат мажлисида таъкидланганидек, 2023 йил умумхалқ референдумида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясининг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини илғор халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг янги қонунчилик асослари яратилган.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди. Ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти таъсис этилди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни самарали амалга ошириш мақсадида 2023 йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган одамлар учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган 2 та Президент фармони ва 3 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури ишидаги иштироки фаоллашди. Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.
Шунингдек, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун кучга кирди. Ушбу ҳужжат хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлар, шунингдек, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик нормаларини кучайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Шу билан бирга, мажлисда ўтказилган ўрганишлардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш самарадорлиги билан боғлиқ қатор масалалар белгилаб олинди.
Жумладан, сенаторлар фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари таъминланишидан, айниқса, мамлакатимиз пойтахтидаги вазиятдан хавотир билдирди. Бундан ташқари, турли шаклдаги зўравонликдан болаларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари ва ҳокимият бошқа органларининг масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга оид “йўл харитаси”да белгиланган қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кечиктирилаётгани айтиб ўтилди.
Ҳар томонлама муҳокама якунлари бўйича Сенат қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини сўзсиз бажариш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.05.2024
- Кўришлар: 1620
- Чоп этиш