Қашқадарёда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитдан фойдаланиш имкониятлари яратилганми?

16 май куни Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қарши шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган тўсиқсиз муҳит ҳолатини мониторинг қилди. Хусусан, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт ҳамда Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтларида бу борада яратилган шароитлар атрофлича ўрганилди.

Ишчи гуруҳ таркиби Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ижтимоий инспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қашқадарё вилоятидаги ҳудудий бўлими ҳамда Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси ходимларидан иборат.

Қарши шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз муҳитдан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилди. Тадбирда профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Мулоқот асносида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилишини мониторинг қилиш тизимли ва узлуксиз жараён эканлигига эътибор қаратилди. Бундан мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг ушбу Конвенцияда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларига риоя этилиши ҳамда уларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун амалий кўмаклашишдир.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, олий таълим муассасаларига киришда тактил қопламалар, аравачада ҳаракатланувчи ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар ҳамда ўқув биноларининг юқори қаватларига кўтарилишда лифтлардан фойдаланиш билан боғлиқ махсус шароитлар мавжуд бўлиши муҳимлиги ҳақида сўз юритилди.

Тадбир якунида олий таълим муассасаларига “Ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида”ги қонуннинг брайл алифбосида чоп этилган нашри ва бошқа китоблар тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech