Инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилди?

Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини илғор халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг янги қонунчилик асослари яратилгани таъкидланди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил этилди ва ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти яратилди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни самарали амалга ошириш мақсадида 2023 йилда ногиронлиги бўлган одамлар учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган 2 та Президент фармони ва 3 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури ишидаги иштироки фаоллашди. Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ушбу ҳужжат хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлар, шунингдек, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик нормаларини кучайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Мажлисда ўтказилган ўрганишлардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш самарадорлиги билан боғлиқ қатор масалалар белгилаб олинди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кечиктирилаётгани айтиб ўтилди.

Сенат қарорида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини сўзсиз бажариш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлиги қайд этилди. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech