Ортда қолган йил мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаёти учун муҳим янгиликлар, воқеа, ҳодисаларга бой бўлди. Жумладан, 2023 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ҳамда санъат намояндалари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирлар ва ҳокимлар иштирок этди. Анжуманда қилинган ишларга якун ясалиб, галдаги вазифалар белгиланди. Жабҳанинг кўпсонли заҳматкаш ходимлари: маънавият ва маданият фаоллари, олимлар, муаллимлар, адиб ва санъаткорлар меҳнати муносиб баҳоланди.
Дарҳақиқат, улар халқимизнинг маданиятини юксалтириш, миллий истиқлол маънавиятини шакллантириш ишига ўз ижодлари билан муҳим ҳисса қўшмоқдалар. Мана бир мисол. Куни кеча қўлимизга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, бетакрор шеърлари ва таржималари билан танилган, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ғулом Мирзонинг яқинда “Машраб” нашриёти томонидан чоп этилган олти жилдлик асарлар тўплами қўлимизга тушди. Шуни қайд этиш керакки, Ғулом Мирзо (Ғулом Мирзаев) 1964 йил 4 январда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли Хушвақт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Унинг «Яхшиям сиз борсиз», «Отамнинг боғи» ва бошқа шеърий тўпламлари, қатор ижтимоий-сиёсий мавзудаги китоб ва рисолалари нашр этилган.
Ғулом Мирзони танисак, матбуотда эълон қилинаётган асарларини ўқиб борсак-да, унинг сермаҳсул ва бошқаларга ўхшамас ёзувчи ва шоирлигини яхши билмас эканмиз. Шунинг учун унинг оҳори тўкилмаган китобларини олиб, ҳайратланиб, қувондик.
Ғулом Мирзонинг мазкур китоблари тўғрисида сўз юритишдан олдин, унинг бадиий ижоди адабиётшунос олимлар томонидан ҳозирча яхши ўрганилмаган, ваҳоланки буни вақти етди, деб ўйлашимизни айтмоқчимиз.
Олти жилдликнинг биринчи икки (“Таайюн рақамлари” ва “Ойпараст дил”) китобида, асосан шоирнинг ХХ ва ХХI асрларда ёзилган кўплаб турли вазнлардаги шеърлари жой олган. Шеърларнинг таҳлили билан шуғулланмасдан (чунки бу ҳақда академик Акмал Саидовнинг сўзбошисида батафсил ва ишончли тарзда айтилган) фақат уларнинг мавзу ва вазн нуқтаи назаридан ранг-баранг, мазмун жиҳатидан бой ва пурмаъно эканлигини таъкидламоқчимиз. Ғулом Мирзо шеърларининг аксариятига қисқалик, аниқлик ва равонлик хосдир. Уларнинг бошқа фазилатлари ҳақида сўзбошида ўринли айтилган.
Ғулом Мирзо асарлари тўпламининг “Эй, дарвеш” номли учинчи китобига ёзувчи “Зулмни енгган мазлумлар қиссаси” деб изоҳ бергани бежиз эмас. Насрда битилган бу асарда адиб собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида сохта равишда “халқ душмани”га айлантирилган оддий инсонлар – шоирнинг бобоси ва отасининг аянчли қисмати тўғрисида ҳикоя қилади.
Ҳақиқий ҳужжат ва далиллар асосида ёзилган қиссанинг бош қаҳрамонлари зулмкорларнинг ҳийлаю найранглари ва қийноқларига чидаб, ўз иймонлари, диний эътиқодларидан кечмаганлари борасида ёзади. “Мен, — деган эди иймон-эътиқодли Мирза бобо трибуналдаги сўнгги сўзида, — доим шу эл учун диний хизматда бўлдим ва ҳеч кимга ҳеч қандай ёмонлигим тегмаган”. Ёзувчининг бобоси ва отасига нисбатан адолатни тиклаш учун қилган саъй-ҳаракатлари самарасида унга кўмак берган ташкилот ҳамда инсонлар тўғрисида ёзган илиқ сатрлари ҳам диққатга сазовордир. Ҳа, ушбу ҳужжатли қисса ҳар жиҳатдан ибратли, катта тарбиявий аҳамиятга молик асар.
Тўпламга кирган тўртинчи ва бешинчи жилдлар Ғулом Мирзонинг таржимонлик санъати ҳам юқорилигидан далолат беради. Китобхон улар орқали Ғарбу Шарқ ва Лотин Америкаси мамлакатлари адабиёти намуналари билан танишади, ўзи учун янги ёзувчи ва шоирларни кашф этади. Бунинг ҳозирги замонда яшаб турган адабиётшунос олимлар, талабалар ва, умуман, ўқимишли, маданиятли кишилар учун нақадар муҳим аҳамиятли эканлигини тушунтириш учун зарурат йўқ, деб ўйлаймиз.
Ғулом Мирзо ўз асарлари тўпламининг олтинчи китобини “Жондан азиз хотиралар” деб номлаган. Бу бежиз эмас. Унда ёзувчининг забардаст устозлари: атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳамда адиб ва олим Ғайбуллоҳ ас-Салом ҳақидаги хотиралари эълон қилинган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам адабиётимиз ва илм- фанимизга улкан ҳисса қўшган, кўплаб ёш ёзувчи ва олимларга устозлик қилган инсонлардир. Уларнинг асарлари ва амалий ишлари билан етарлича таниш бўлмаган китобхонлар мазкур хотираларни ўқигач, юқоридаги фикримиз тўғрилигига ишонч ҳосил қиладилар.
Хуллас, Ғулом Мирзо, Ўзбекистон Президенти томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2024 йил ва ўзининг олтмиш ёшлигига арзигулик совға ҳозирлади. Ушбу олти жилдликнинг тайёрланиши ва дунё юзини кўришида масъул муҳаррирлик қилган ва сермазмун сўзбошилар билан қатнашган академик Акмал Саидовнинг хизматлари катталигини таъкидлаш жоиздир.
Биз дўстимиз Ғулом Мирзони ушбу саналар ва олти китобдан иборат асарлари тўплами билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ҳамда янги ижодий парвозлар тилаймиз.
Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент;
Носир ТОИРОВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг аъзоси
Манба: “Agro Inform” журнали,
2024, 1(11)-сон. – 61-62-бетлар.
- Қўшилди: 21.05.2024
- Кўришлар: 1430
- Чоп этиш