21-22 май кунлари Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш сифати бўйича мониторинг ўтказилди. Ушбу мониторинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Миллий марказ Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросига изчил ёндашмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг, айниқса, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларига оид билимлар янада чуқур ўқитилишини таъминлаш, пировард натижада ҳар бир шахс инсон ҳуқуқларига онгли равишда риоя этишига эришиш имконини беради.
Мониторинг ўтказиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги академияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Қорақалпоғистон Республикаси Юридик техникуми, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоқ академик лицейида бўлиб, дарс жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Ўзаро мулоқот асносида масъулларга таълим сифатини ошириш бўйича зарурий тавсиялар берилди.
Ўқитувчилар ва талабалар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жараёнига оид сўров ҳам ўтказилди. Сўровнома натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш орқали Қорақалпоғистон Республикасида ҳуқуқий фанларнинг ўқитилиши бўйича муайян хулосалар чиқарилади.
Мониторинг натижалари батафсил таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади. Якуний тавсия ва таклифларни Қорақалпоғистон Республикасидаги таълим муассасаларига юбориш режалаштирилган.
Мониторинг ўтказилган таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг ҳар бирига 80 та китобдан иборат адабиёт жамланмалари топширилди. Ушбу янги китоблар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр эттирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.05.2024
- Кўришлар: 1515
- Чоп этиш