Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ва халқаро ҳамкорлик бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилди. Хусусан, 2023 йилда жами 87 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида 8 қонун, Президентнинг бир қатор ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
Халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тўртта миллий маъруза тақдим этди.
БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида иккита янги миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида кенг доирадаги халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурида иштирок этмоқда. Президент қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.
Давлат органлари ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув курсларида 1 минг 50 нафар ходимнинг билим ва кўникмалари оширилди.
Ўнта вилоятда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилиб, тингловчиларга 2,2 минг китоб тақдим этилди.
Жойлардаги ахборот-кутубхона марказлари, мактаблар ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига инсон ҳуқуқларига оид 2 минг 620 адабиёт ва 650 ҳуқуқий журнал беғараз етказиб берилди.
2023 йилги референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилиниши билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг давлат кафолатларини янада мустаҳкамлаш имконияти яратилди.
Марказ томонидан бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб турганини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда.
Шу кунларда Миллий марказ томонидан тузилган ишчи гуруҳ жамоат транспорти бекатларида ва умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган тўсиқсиз муҳитдан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ реал ҳолатларни мониторинг қилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 23.05.2024
- Кўришлар: 1446
- Чоп этиш