2024 йил 22 май куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида юридик фан ва илмий тадқиқотлар ривожланиши масаласига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда университетнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалари ҳамда Қорақалпоғистон прокуратураси ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси бошлиғи ўринбосари профессор Музаффаржон Мамасидиқов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари профессор Мирзатилло Тиллабаев, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори профессор Муроджон Турғунов ўз маърузаларида «Ўзбекистон — 2030» стратегияси халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил ахборот беришди.
Стратегияда жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, унинг доирасида илм-фан ва инновациялар соҳаси, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спортни оммалаштириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошириладиган барча ислоҳотларда инсон, инсоннинг қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устувор аҳамият касб этади.
Давра суҳбати давомида юридик соҳа бўйича илмий фаолият билан шуғулланиш имкониятлари ҳақида батафсил савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.05.2024
- Кўришлар: 1319
- Чоп этиш