Қийноққа қарши кураш бўйича навбатдаги ўқув машғулотлари Урганчда ўтказилди

23-24 май кунлари Урганч шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.

Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Хоразм вилояти прокуратурасидан – 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан – 50 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг видеомурожаати тингланди. Унда мазкур ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифаларнинг туб аҳамияти очиб берилди.

Машғулотлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани таъкидланди. Бу ўринда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.

Ўқув курсининг биринчи кунида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасидиқов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов тақдим этди.

Шунингдек, миллий экспертлар О.Субанов ва Қ.Қодиров томонидан амалий машғулотлар ўтказилди.

Иккинчи кунда “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида маърузалар тингланди.

Айни мавзулар юзасидан амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Ушбу маърузалар ва машғулотларни ўтказишда Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов фаоллик кўрсатди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида 60 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech