Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга

Жорий йилнинг 5 июнь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар парламенти вакиллари, юртимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида йўлга қўйилган умумий мулоқот платформасини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ва Омбудсманнинг давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқот йўлга қўйиш ташаббуси аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ваколатли органлар вакиллари томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда бевосита муҳокама қилиш имкониятини яратаётганлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва бу орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади.

Давра суҳбати доирасида бир қатор ННТнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, уй-жойга киритиб қўйиш, туҳмат билан боғлиқ ишларни судларда кўриш амалиёти юзасидан таҳлилий маърузалари тақдимоти бўлиб ўтди. Бугунги кундаги суд жараёнларида фуқаролар сифатли юридик ёрдамга муҳтож эканликлари ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш зарурлиги каби хулосалар билдирилди.

Конструктив мулоқот давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқларнинг олдини олиш борасида Омбудсман билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилгани ва бу ўзининг ижобий натижасини бераётганига ҳам эътибор қаратилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан инсоннинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech