АЛ-КУВАЙТ, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг "Q8 Press" электрон нашрида "Тарихда илк бор Ўзбекистон вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда таъкидланганидек, жорий йил 29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтди.
"Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди", – дейилади мақолада.
Қайд этилишича,Ўзбекистон вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий тузилмасига аъзо бўлди.
"БМТ Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилган аниқ чора-тадбирлар – болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий натижаларга эришилганини эътироф этади", – деб ёзган "Q8 Press".
- Қўшилди: 10.06.2024
- Кўришлар: 1427
- Чоп этиш