Жорий йил 13-14 июнь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтади

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.

2024 йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган анъанавий халқаро анжуман – Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи Самарқанд форуми «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланади.

Бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.

Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади.

Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Форум доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланган.

Биринчи ялпи мажлис: истиқболли барқарор ечимлар топиш йўлида зарур инновацион ёндашувлар ва ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун мулоқот майдонига айланади. Маърузачилар ўзлари мансуб бўлган ташкилотларнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги илғор тажрибаси, самарадор амалиёти ва бу соҳадаги фаолиятининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини ўртоқлашади.

Иккинчи ялпи мажлисда: глобал иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларга таъсири имкон қадар чуқурроқ таҳлиллар негизида кўриб чиқилади. Бунда аҳоли заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича аниқ стратегияларни тақдим этишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилади.

Учинчи ялпи мажлис: ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда воситалар таҳлилига бағишланади. Бу сессиянинг асосий мақсади мураккаб экологик вазиятда сайёрамизда барқарор ҳамда адолатли ҳаёт шароитларини таъминлашга оид глобал стратегиялар ва биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.

Форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» марказидир. 

Халқаро ҳамкорлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги жамоаси ҳисобланади. Бу жамоа сафига, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси киради.

Шу билан бирга, халқаро шериклар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳам бор.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши режалаштирилган. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилган.

 

Расмий хабарлар

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech