Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг учинчи ялпи мажлисида иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича глобал стратегия ва ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иқлим билан боғлиқ ташаббусларни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ёндашишнинг муҳимлиги, бизнес ва фуқаролик жамиятининг бу борадаги роли ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Учинчи ялпи мажлисга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Урунов ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Миссия раҳбари Элчи Антти Карттунен модераторлик қилди.
Мунозаралар асносида ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар теран таҳлилга тортилди. Бу борада сайёрамизда барқарор ҳамда адолатли ҳаёт шароитларини таъминлашга қаратилган янги глобал стратегиялар ва биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаби шуни тақозо этди.
Мавзу юзасидан Қувайт университети халқаро ҳуқуқ кафедраси ассистенти профессор Фатемаҳ ал-Зубаирий, Япониянинг Нагоя университети президенти маслаҳатчиси Ая Окаданинг маърузалари тингланди. Шунингдек, БМТнинг Туризм бўйича ижрочи директори Зоритса Уросевич, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Минтақавий офиси вакили доктор Кристина Mартинез, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Гендер сиёсати ходими Карен Бернард, DAF (Van Doorne’s Automobiel Fabriek) компанияси Масъулиятли бизнес юритиш маркази сиёсий таҳлилчиси Сантҳош Персауднинг онлайн-маърузалари тингланди.
Сўзга чиққанлар фақат жорий муаммоларни санаб ўтиш билан чекланиб қолмасдан, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирига мослашиш, экологик офатларнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини бартараф этишга оид истиқболдаги режалар юзасидан амалий таклифларини билдирдилар. Бу жараёнларда бизнес ва фуқаролик жамияти вакилларининг қайси масалаларда еткачи мавқени эгаллаши юзасидан мавжуд ибратли тажрибалар таҳлил қилинди ва янги амалий таклифлар тавсия этилди.
Муҳокамаларда Озарбайжон Республикаси Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти Инсон ҳуқуқлари бўйича кадрлар тайёрлаш ва экспертиза бўлими бошлиғи Вусала Мурадханли, Женевадаги Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари академияси кичик илмий ходими Баина Убушиева, “Civitta Central Asia” компанияси бош директори Саидкамолхон Бурхонов сўзга чиқди.
Онлайн-мунозараларда БМТнинг Европа Иқтисодий комиссияси Атроф-муҳит масалалари бўйича ходими Леонид Калашник ва ёрдамчи-маслаҳатчи Ксения Нечунаева, Англия ва Уэлс ҳуқуқ жамиятининг иқлим ўзгариши сиёсати бўйича маслаҳатчиси Аласдаир Камерон, Польшанинг Сиэдлcе университети профессори Eжи Шукалски, бола ва оила ҳуқуқи бўйича россиялик эксперт Анна Тарасова, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё бўйича вакили ўринбосари Думитру Липкану, Қозоғистоннинг "Ижтимоий-экологик фонд" ННТ директори Вадим Ни иштирок этди.
Иштирокчиларнинг фикрича, иқлимни инсон ҳуқуқларига дахл қилмаган ҳолда соғломлаштириш билан боғлиқ эзгу мақсадларга эришишда замонавий инновация технологиялари ва янгича иқтисодиёт моделлари беқиёс аҳамиятга эгадир. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд форумида яшил технологиялар ва барқарор фаолият амалиётининг самарадорлик билан ҳаётга татбиқ этилишига оид илғор мисоллар кўриб чиқилди ҳамда тадбиркорлар ва жамият аъзоларини экологик масъулияти учун рағбатлантириш механизмларини татбиқ этиш имкониятлари хусусида фикр юритилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.06.2024
- Кўришлар: 1522
- Чоп этиш