Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳри яна бир нуфузли халқаро форумга мезбонлик қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланди.
Форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан, ҳамкор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕИ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси, Фридрих Эберт жамғармаси, Конрад Аденауэр жамғармаси қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига табрик йўллади. Табрикни Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иқлим ва инсон ҳуқуқлари муаммолари муҳокама қилинган ушбу халқаро анжуманни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Президентининг БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқида илгари сурилганини таъкидлади.
Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Инсоннинг экологик ҳуқуқлари конституциявий даражада мустаҳкамланган. Айниқса, аҳолининг энг заиф гуруҳлари, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар, аёллар, кекса ёшдагилар, кам таъминланганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор кучайтирилмоқда.
Шундан кейин БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччининг видеомурожаатлари намойиш этилди.
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл иштирокчиларни табриклаб, мазкур нуфузли анжуман мавзуси жуда долзарблигини қайд этди.
Спикерлар Самарқанд форуми кескин экологик муаммолар кучайган бир шароитда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор қаратилиши бир ҳудуд ёки минтақа эмас, балки бутун дунё – инсониятга дахлдор масала эканини эътироф этди.
Форум ишини бошқариб борган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумига юксак эътибор кўрсатиб табрик йўллагани учун миннатдорчилик билдирди. Самарқанд форуми – Самарқанд руҳини ўзида мужассам этган нуфузли анжуман экани, бу ерда инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд анъаналари шаклланаётганини алоҳида эътироф этди.
Қайд этилганидек, сайёрамиз миқёсида учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда. Бу хавф-хатарлар ҳатто дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётир.
Барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда жиддий сезилмоқда. Бу глобал фожиа оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилаётган бўлишига қарамай, бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон Президенти 2023 йил 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуси билан 2021 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги резолюцияси қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Бош Ассамблея бундай мақомни биринчи бўлиб Оролбўйи минтақасига тақдим этди.
Натижада 2018-2022 йиллар давомида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар ўрмонзорлар яратилди. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйида биохилма-хилликни сақлаш учун 3,5 миллион гектардан ортиқ майдонда табиат парклари, қўриқхоналар ва давлат ҳимоя ҳудудлари барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини марказлашган тарзда ичимлик суви билан таъминлаш ҳолати анча яхшиланди.
Форумда сўзга чиққан Адлия вазирининг ўринбосари М.Икромов глобал муаммога айланиб бораётган автомобиллар ҳаракатланиши ва тирбандликларнинг авж олиб бораётгани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларини келтириб чиқараётганини таъкидлади. Шу боис, глобал хавфлар авж олаётган бир пайтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор келажагини белгилаб олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаларидан биридир.
Форум доирасида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонининг чет эллик совриндорлари тақдирланди.
Форумнинг биринчи пленар сессияси экологик муаммоларни ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ташкилотларнинг етакчилиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ролига бағишланди.
Мавзу юзасидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси котибияти ижрочи директори профессор Ноура бинт Заид Алрашоуд, Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) Бош котиби Мэҳмет Сурейя Эр, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Бош котиби ўринбосари Чжанг Линг, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маслаҳатчиси Беҳруз Моҳтари маъруза қилди.
ЕХҲТ Иқтисодий ва экологик фаолияти мувофиқлаштирувчиси, элчи Бакит Жусуповнинг видеомурожаати ҳамда Европа Иттифоқи Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Олоф Скуг, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби ўринбосари Нурлан Сеитимовнинг онлайн чиқишлари тингланди.
Элчи Б.Жусуповнинг қайд этишича, ҳозирги кунда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси мамлакатдаги иқлим билан боғлиқ муаммолар харитасини тузмоқда. Шу асосда ҳукумат аҳолининг, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган ахборот сиёсатини ишлаб чиқиши мумкин.
Н.Сеитимов иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларга нисбатан аҳолининг муносабатини шакллантирмасдан туриб, уларни ижобий ҳал этиш қийин эканига эътибор қаратди. Шунинг учун ҳам, МДҲ Бош котиби ўринбосарининг фикрича, “Экология соҳасида онгли шахсни тарбиялаш – сайёрамиз ҳаётини сақлаб қолишнинг муҳим шартларидан биридир.
Биринчи ялпи мажлис доирасидаги мунозаралар халқаро ташкилотларнинг атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида истиқболли барқарор ечимларни топиш учун қулай мулоқот майдонига айланди.
Маърузачилар ўзлари мансуб ташкилотларнинг бу борадаги ёндашувларига тўхталар экан, экологияни соғломлаштиришга қаратилган бошқарув жараёнларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан зарур инновацион ғоялар, илғор тажрибалар ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар алоҳида ўрин тутишини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг мазкур анжумани, айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакилларининг ўзаро фикр алмашишлари учун муҳим аҳамият касб этди.
Иккинчи пленар сессияда иқлим ўзгаришининг глобал тенденциялари ва уларнинг заиф гуруҳлари контекстида ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларга таъсири, учинчи пленар сессияда иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича глобал стратегиялар ва ҳамкорлик, шунингдек, экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва иқлим ташаббусларини амалга оширишда бизнес ва фуқаролик жамиятининг роли кўриб чиқилди.
200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари оффлайн ва онлайн форматда иштирок этган форум якунида “Иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак учун мажбуриятлар ва ҳаракатлар тўғрисида Самарқанд декларацияси” ишлаб чиқилди.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 16.06.2024
- Кўришлар: 1679
- Чоп этиш