Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми тарихига бир назар…

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми илк бор бундан 6 йил олдин ўтказилган эди. Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ташкил қилинадиган ушбу нуфузли анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш, мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми 2018 йил ноябрда, БМТ ташкил этилганидан кейинги 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” сифатида ташкил этилди. Тадбир жаҳонда, жумладан Жануби-шарқий Осиёдан Яқин Шарққача қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низо, миллатлар, конфессиялар аро ихтилоф чуқурлашган, барқарор тараққиётга қарши турли глобал таҳдид ва хатарлар кучайган мураккаб шароитда ўтказилди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчиларига йўллаган табригида: “Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақаси келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ”, дея таъкидлагани бежиз эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича I Самарқанд форуми “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги: замонавий таҳдид ва реал воқелик” мавзусига бағишланди. Халқаро анжуман якунида БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси ҳужжати сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқлари бўйича “Самарқанд руҳи”ни амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси”ни тасдиқлади. Ушбу ҳужжатлар соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бу эзгу ишни янги, янада юксак поғонага олиб чиқишга хизмат қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд форуми 2020 йил 12-13 август кунлари “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқи” мавзусида бўлиб ўтди. Коронавирус кучайган қалтис даврга тўғри келган мазкур онлайн тадбир якуни бўйича қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича II Самарқанд веб-форуми резолюцияси Бош Ассамблея 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди ва  БМТнинг 6 расмий тили – араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларига таржима қилинди.

2022 йил 5-6 декабрь кунлари ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича III Самарқанд форуми  учун “Инсон ҳуқуқи соҳасида таълим” мавзуси танланди. Ушбу Глобал форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан Бош Ассамблеянинг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурилган.

Анжуман Инсон ҳуқуқи соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 11 йиллигига бағишланган тадбирлар дебочаси бўлди. Кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Самарқанд форуми иштирокчиларини қутлаб, мурожаат йўлладилар, анжуман ишида фаоллик кўрсатдилар.

Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқи соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

– Инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим инсоният олдидаги қийинчиликларни енгишга кўмаклашади, – деди Олий комиссар. – Айниқса, ёшларга бу соҳада берилган пухта таълим уларнинг фуқаролик фаоллигини оширади. Инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимнинг ўзига хослиги бутун умр давомида ўқитилиши зарурати билан боғлиқ. Зеро, киши бу борадаги малакасини мунтазам ошириб бориши, ўрганган билимини амалда қўллаши талаб этилади. Қолаверса, таълим олиш учун ҳеч қачон ёшнинг аҳамияти бўлмаган.

Бугун, 13 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бошланди. Анъанавий анжуман бу гал “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш” мавзусига бағишланган.

Форум сайёрамиз миқёсида уч инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайган кескин экологик вазиятда ўтмоқда.

Иштирокчилар экология ва инсон ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқ айни хавф-хатарлар, ҳатто, дунё геосиёсий архитектурасига ҳам таъсир кўрсатаётганини ҳисобга олиб, экологик муаммоларга фақат минтақавий даражада ёндашиш билан чекланмай, глобал таҳдидларнинг ўзига хос жиҳатларига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш истиқболини ҳам атрофлича муҳокама қилишяпти.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech