Президент табриги нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки бутун дунё учун аҳамиятли (+видео)

Мамлакатимизда “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтмоқда. Анжуман иштирокчиси, Туркия Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Шереф Малкоч биз билан суҳбатда Ўзбекистон ва Туркия муносабати, жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, тадбирда муҳокама қилинаётган масалалар хусусида фикр юритди:

– Ўзбекистон сўнгги йилларда жуда тез ривожланмоқда. Ўзгариш ҳамма соҳада сезиляпти. Ҳар гал Тошкент, Самарқанд ёки Бухорога келганимда фаровонлик ортаётгани, тинчлик, осойишталик мустаҳкамланаётганини кўраман.

Дунё цивилизацияси марказларидан бири, Амир Темур давлати пойтахти, Имом Бухорий, Имом Мотурудий каби улуғ шахслар яшаган Самарқандда шундай форум ташкил этилишида рамзий маъно бор.

Айни пайт Туркия ва Ўзбекистон омбудсманлари ўртасида яхши алоқа йўлга қўйилган. Туркий давлатлар ташкилоти Омбудсманлари ассоциациясини тузганмиз. Ислом дунёси Омбудсманлари ассоциациясида ҳам бирга иш олиб боряпмиз.

Бугунги форум очилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди. Бу қутлов нафақат Ўзбекистон ёки Ўрта Осиё, балки бутун дунё аҳли учун алоҳида аҳамиятга молик мурожаат ҳисобланади. Зеро, бугун дунёнинг ҳузур-ҳаловатга, тинчликка, осойишталикка эҳтиёжи кучли. Экологияга энг кўп зарар келтираётган мамлакатлар ҳушёрликни оширишса, бу мавзу кун тартибидан тушади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон етакчисининг мурожаати жуда долзарб ва шу каби конференциялар учун дастуриламал, дейиш мумкин.

Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов ва Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech