Самарқанд шаҳрида 2024 йил 13-14 июнь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича IV форум бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли халқаро анжуман анъанавий равишда ушбу қадимий ва навқирон шаҳарда ўтказиб келинаётгани учун ҳам Самарқанд форуми номини олган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига йўллаган табригида қайд этилганидек, юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб кирди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди.
Ҳеч шубҳасиз, инсоният тўқнаш келаётган иқлим билан боғлиқ кескин муаммолар оқибатларини юмшатиш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
«Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ҳамкор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, мазкур бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, ИҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕИ, ТуркПА, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Фридрих Эберт ҳамда Конрад Аденауэр жамғармалари қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилди.
200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари оффлайн ва онлайн форматда иштирок этган форум доирасида учта ялпи мажлис ўтказилди.
Уларда иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалалар кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилинди.
Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилди. Бу борадаги жонли мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилди.
Самарқанд форуми якунлари бўйича бир қатор муҳим натижалар қайд этилди. Хусусан, форум иштирокчилари ўртасида алоқа тармоғини ўрнатиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, инсон экологик ҳуқуқлари соҳасида доимий ахборот алмашиш ва ҳамкорлик қилиш учун платформа яратишга келишиб олинди.
Ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти учун иқлим ўзгаришининг инсон ҳуқуқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди ва қизғин муҳокама қилинди. Иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги муносабатлар тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида таълим ва ахборот соҳасидаги ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Форум тавсияларини бажариш учун унинг иштирокчилари, шу жумладан, ҳукуматлар, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакилларига аниқ мажбуриятлар белгилаб берилди. Форумдан кейинги даврда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга самарали жавоб бериш учун тавсияларни амалда қўллашга қаратилган стратегия ва ҳаракат режалари тасдиқланди.
Иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш истиқболларига доир вазифаларни бирлаштириш бўйича инновацион ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Энг асосийси, халқаро анжуман доирасида турли мамлакатлар ва минтақалар ўртасида иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш борасида ўзаро тажриба ва билим алмашинувига кўмаклашилди.
Форумнинг якуний ҳужжати – «Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқларида мазкур форумни ўтказиш ташаббусини илгари сургани учун миннатдорчилик билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми тавсияларини БМТ Бош котибига ва бошқа халқаро ташкилотларга тақдим этишга келишиб олинди.
Форум якунида унинг иштирокчилари қадимий ва навқирон Самарқанд заминига эзгу ният билан ниҳоллар экди.
Норгул Абдураимова,
Алишер Ироилов (сурат),
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.06.2024
- Кўришлар: 1594
- Чоп этиш