САМАРҚАНД, 14 июнь. /"Дунё" АА/. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен "Дунё" АА учун интервьюсида "Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш" мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми, унинг экологик муаммоларни ҳал этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларимни билдиришдан мамнунман.
Форумда биз ушбу муаммолар ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга, жумладан, аёллар, болалар ва қарияларга қандай таъсир кўрсатишини муҳокама қилдик. Экологик муаммолар ижтимоий тенгсизликни қандай кучайтираётгани ва барқарор ривожланишга тўсқинлик қилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комплекс ёндашувни талаб қиладиган ўзаро боғлиқ вазифалар эканлигини тушуниш муҳимдир.
Мен модератор сифатида иштирок этган 3-сессияда ўзгарувчан иқлим шароитида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокама чоғида халқаро ва минтақавий ҳужжатларда мустаҳкамланган стандартларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Сессия якунида иқлим бўйича глобал ташаббуслар доирасида мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор тавсиялар қабул қилинди.
Ушбу сессия, шунингдек, иқлим бўйича ташаббусларни самарали амалга оширишда бизнес ва фуқаролик жамиятининг асосий ролини муҳокама қилишга бағишланди.
Самарқанддаги форум мамлакатлар умумий ечим топиш учун бирлашишга тайёр эканини кўрсатди. Мақсадларимизга эришиш учун тажриба, билим ва ресурсларни алмашишда давом этишимиз муҳим.
Хулоса ўрнида шуни айтишни истардимки, Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми экологик муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда муҳим майдонга айланди. Биз ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва келажак авлодлар учун сайёрамиз асраб-авайланадиган келажакни таъминлаш учун биргаликда ишлашни давом эттиришимиз керак.
- Қўшилди: 19.06.2024
- Кўришлар: 1355
- Чоп этиш