САМАРҚАНД, 13 июнь. /"Дунё" АА/. БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл "Дунё" АА учун интервьюсида "Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш" мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумининг аҳамияти изоҳлади:
– Аввало, ташкилотчиларга экологик муаммолар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконияти учун ўз миннатдорлигимни билдираман.
Иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши бутун дунёда инсон ҳуқуқларига жиддий таҳдид солмоқда. Ушбу экологик муаммолар бевосита ҳаёт, соғлиқ, тоза сув ва озиқ-овқатдан фойдаланиш, муносиб турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқига таъсир қилади. Энг камбағал ва маргиналлашганлар бу қийинчиликларга айниқса заифдир. Биз бугун сув тошқинлари ва қурғоқчилик каби табиий офатлар одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилаётганини, уларнинг яшаш ва турмуш тарзини издан чиқараётганини кўряпмиз.
Бизнинг келажагимиз ушбу муаммоларнинг барқарор ечимларини қанчалик муваффақиятли топа олишимизга боғлиқ. Бу иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва янги шароитларга мослашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Ушбу мақсадларга эришишда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. БМТ мамлакатларни барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёр. Ўзбекистонда биз аллақачон ижобий ўзгаришларни кўряпмиз. Мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш ва барқарор амалиётни жорий этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Биз бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз ва умумий мақсадларга эришиш йўлида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз.
Экологик муаммолар биздан қатъий ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ёнма-ён боришини ва бир-бирининг ажралмас қисми эканлигини унутмаслигимиз керак.
- Қўшилди: 19.06.2024
- Кўришлар: 1463
- Чоп этиш