ПЕКИН, 12 июнь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг оммабоп "Lookwe" электрон нашрида 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда таъкидланганидек, бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир. Халқаро анжуман иштирокчилари ушбу соҳада зарур билимлар олиш билан бир қаторда, халқаро ҳамжамият доирасида ўзаро тажриба алмашиш ва энг мақбул амалиётлар билан танишиш имконига эга бўлади.
"Форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади, – дейилади мақолада. – Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда".
Хабар қилинганидек, форумнинг миллий ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳамда "Тараққиёт стратегияси" марказидир.
- Қўшилди: 20.06.2024
- Кўришлар: 1410
- Чоп этиш