«Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот ташкил этилди

Жорий йилнинг 21 июнь куни Адлия вазирлигида «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитасининг 20 йиғилиши бўлиб ўтди.  

Йиғилишда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги миссияси, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти, Омбудсман котибияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Европа Иттифоқи делегациясига Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Марказий Осиё бўлими бошлиғи Д. Крисслер, Ўзбекистон Республикаси делегациясига эса адлия вазири ўринбосари М. Икрамов бошчилик қилдилар.

Кун давомида бўлиб ўтган мулоқотда томонлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, коррупцияга қарши кураш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, меҳнат ҳуқуқлари, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш, виждон эркинлиги, пенитенциар тизимни ривожлантириш ҳамда гендер тенглик ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхтаб ўтилди.

Европа Иттифоқи томони янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар сони 3 бараварга кўпайганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, йиғилишда терроризмга қарши кураш, меҳнат миграцияси, чегараларни бошқариш ҳамда гиёҳванд моддалар соҳасидаги стратегия муҳокама қилинди.

Тадбир дўстона ва очиқлик муҳитида ўтди. 

Адлия янгиликлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech