26 июнь, чоршанба куни пойтахтимизда навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси бўлиб ўтмоқда.
Бу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Эндиликда жамоат транспорти, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари барча автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган мазкур лойиҳа пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни – охирги чоршанбаси давомида амалга оширилади.
Дунёнинг 2 мингтадан зиёд йирик шаҳарида анъанага айланган муҳим ташаббус – “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси юртимизнинг барча давлат ташкилотлари қатори Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланди. Мамлакат миқёсида атмосферага чиқаётган зарарли чиқиндиларнинг 60 фоизи ва Тошкент шаҳрида 88 фоизи автомобиллар ҳиссасига тўғри келиши инобатга олинса, ушбу экологик акциянинг долзарблиги янада яққол аён бўлади.
Маълумки, жорий йил 13-14 июнь кунлари мамлакатимизда «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Мазкур анъанавий халқаро анжуман минбарида, жумладан, қуйидаги муҳим маълумотлар янгради:
Глобал муаммога айланиб бораётган автомобиллар ҳаракатланиши ва тирбандликларнинг авж олиб бораётгани ҳам ҳавонинг ифлосланиши сабабларини келтириб чиқармоқда. Автотранспорт воситалари атмосфера ҳавосини азот оксиди билан 45,7 фоиз, углеводородлар билан 42 фоиз зарарлантиради. Ер юзидаги жами бир йилда ҳавога чиқариб ташланадиган 100 млн тоннага яқин ис газининг 75,5 млн тоннаси ёки 78 фоизи автотранспорт воситаларига тўғри келади. Шу боис бу глобал хавфлар жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барқарор келажагини белгилаб олиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш – Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаларидан биридир.
Ўз навбатида, “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси пойтахтимиз ҳавоси нотозалиги бўйича дунё кўрсаткичларида олдинги сафга чиққан ҳозирги ташвишли даврда, айниқса, алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ушбу экологик акция натижасида, бир томондан, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, иккинчи томондан, Тошкент шаҳрида транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалаларига жамоатчиликнинг фаол эътибори қаратилади.
Шу муносабат билан бугун Тошкент шаҳрида жойлашган барча давлат идоралари раҳбарлари ва ходимларига атмосферага зарар келтирмаслик мақсадида шахсий транспорт воситаларидан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед ва атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган бошқа транспорт турларидан фойдаланиш тавсия қилинади.
"Ҳурматли юртдошлар! Барчангизни «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳасига бефарқ бўлмасликка, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишга чорлаб қоламиз", дея эслатади Экология вазирлиги.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.06.2024
- Кўришлар: 1577
- Чоп этиш