Акмал Саидов Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро юридик форумда иштирок этди

26 июнь куни Санкт-Петербург шаҳрида XII Петербург халқаро юридик форуми очилди. Форум доирасида Россия Федерацияси Конституциявий суди томонидан “Ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва конституциявий назорат” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Халқаро анжуманда дунёнинг 25 мамлакатидан вакиллар қатнашди. Иштирокчилар таркиби асосан ушбу давлатлар Конституциявий судларининг раислари ва судьялари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар ва юридик ҳамжамият намояндалари, шунингдек, тадқиқотчи ва амалиётчи ҳуқуқшунослардан иборат бўлди.

Конференцияда “Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш мақсадида конституциявий назорат ташаббусини илгари суриш”, “Конституциявий назорат натижасида ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишнинг таъминланиши” каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда  Беларусь Республикаси Конституциявий суди раиси Петр Миклашевич ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов  модераторлик қилди.

Музокараларда Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Малайзия, Фаластин, Таиланд, Камбоджа, Марокаш, Эфиопия, Индонезиянинг Конституциявий судлари вакиллари сўз чиқди. Улар ўз мамлакатларидаги конституциявий назорат тажрибаси ҳақида тўхталдилар.

Маълумот учун: Петербург халқаро юридик форуми 2011 йилда ташкил этилган. Санкт-Петербургда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу форум фуқаролар, тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш мақсадида қонунчилик ташаббусларини илгари суриш масалаларини профессионал муҳокама қилиш учун энг йирик ҳуқуқий платформалардан бири ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech