Ўзбекистон вакили МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қатнашди

27 июнь куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг иккинчи йиғилиши ўтказилди. Тадбир XII Петербург халқаро юридик форуми доирасида бўлиб ўтди.

МДҲ Комиссиясининг йиғилиши оффлайн ва онлайн шаклда ташкил этилди. Унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Комиссиянинг онлайн мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев қатнашди.

Тадбирни МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова очди. МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев йиғилиш иштирокчиларига табрик йўллади.

Маълумки, 2023 йилда МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясини шакллантириш тартиби якунланди. Комиссия таркибига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан вакиллар кирди.

Комиссия фаолияти Ҳамдўстлик маконида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни яхшилаш учун ҳисса қўшишга қаратилган. Мазкур янги орган тегишли соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун ўзига хос мулоқот майдончаси ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech