ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК, ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА ҲАМҚАДАМ

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятида тобора изчил иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё учун биринчи марта  мамлакатимиз  вакили БМТнинг  муҳим  ва  нуфузли  органи  —  Инсон ҳуқуқлари қўмитасига  2025-2028  йиллар учун сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон 2025-2027 йилларга мўлжалланган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOС) ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзоси бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2024 йил 30 июнь – 1 июль кунлари юртимизга амалга оширган расмий ташрифи БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари янада фаоллик касб этаётган ана шундай қизғин даврга тўғри келди. Бу ташриф А.Гутерришнинг БМТ раҳбари сифатида мамлакатимизга иккинчи расмий сафаридир.

Ўзбекистон эришаётган ютуқларнинг ёрқин  далили бўлган бу муҳим воқеалар БМТ мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини амалда қўллаб-қувватлашини яққол тасдиқлайди. Шу билан бирга, бу улкан аҳамиятли омиллар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини кенгайтириш борасидаги принципиал позицияси дунёда кенг эътироф этилганидан далолат беради.

Мамлакатимизнинг БМТ билан муносабатлари тарихига тўхталадиган бўлсак, биринчи навбатда,  Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни мазкур нуфузли халқаро ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинганлигини таъкидлаш лозим. Шундан буён Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида мустақил давлатимиз байроғи ҳилпираб турибди. Ватанимиз номи олий минбарларда мағрур жарангламоқда. Ўзбекистон БМТнинг барча тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

БМТ ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда. 

БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида, БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумий мунозаралари доирасида Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Эътибор беринг: ўша учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани қайд этилди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан ҳам учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Президентимиз 2023 йил 7 сентябрь куни Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди.  Мулоқот асносида Ўзбекистон ва ФАО ўртасида 2030 йилга қадар мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига қишлоқ хўжалигини илмий тадқиқотлар ва инновациялар асосида модернизация қилиш, аграр соҳани рақамлаштириш, молиявий қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан воситаларини амалга ошириш ва агроозиқ-овқат тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича қўшма тадбирларни киритишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Президенти 2023 йил 18 август куни БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш масалалари бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча бошчилигидаги ушбу нуфузли глобал тузилма делегациясини қабул қилди. Учрашувда узоқ муддатли Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш борасида БМТ институт ва марказлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркни қабул қилди. Ўзаро мулоқотда инсон манфаатларини илгари суриш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида Ўзбекистон билан БМТ тузилмалари ўртасидаги конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда БМТ билан ушбу соҳадаги ҳамкорликда юксак даражага эришилганини мамнуният билан қайд этиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг бўлган Ўзбекистондаги ислоҳотлар стратегиясининг бош устувор йўналиши эканини таъкидлади. БМТ Олий комиссари Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни илгари суриш, суд идораларининг мустақиллигини ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади.

Бу – Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги амалий ҳамкорлик доирасида атиги сўнгги бир йилда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар ҳақида айрим мисоллар, холос. Бинобарин, ўзаро ҳамкорлигимиз ўттиз йилдан ортиқ шонли тарихга эга.

Бундан 31 йил илгари – 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилган. Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастури, фонд ва агентликлари, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастур, Гендер тенглик, Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмалари фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз БМТ ва унинг қатор ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқа халқаро ташкилотлар ишида фаол иштирок этаётир. 

Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ бош котиблари – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили – амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган. Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Бу ўринда 2021 йил декабрида Ўзбекистонга БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва ваколатларига қатъий риоя этади. Ўзбекистон ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, БМТ фаолиятининг барча соҳаларига доир ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради. 

Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатади. 

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46- сессиясида онлайн шаклда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди.

Бу нуфузли анжуманларда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги ташаббусларини эълон қилди. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги шиддатли ислоҳотлар туфайли БМТ билан ҳамкорлик алоқаларимиз даражаси тубдан юксалди.

Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеяси қатор махсус резолюцияларининг қабул қилинишида намоён бўлди. Жумладан, қисқа даврда: «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт», «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» бўйича резолюциялар қабул қилингани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

БМТ шафелигида юртимизда бир қанча халқаро конференциялар ташкиллаштирилди. Хусусан, 2017 йил ноябрида Самарқандда “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлида ҳамкорлик” конференцияси, 2018 йил мартида Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида, 2021 йилда Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумлар бўлиб ўтди. 

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси тасдиқланди. Унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқлари мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда марказий ўрин эгаллайди. Бинобарин, Ўзбекистон “БМТнинг инсон манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатга даъвати” ни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.

 Энг муҳими, жамиятимизда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида 2020 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайлангач, ўзининг айни принципга содиқлигини халқаро миқёсда ҳам амалда намоён қилишда изчил давом этди.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида зиммасига олган мажбуриятлари доирасидаги фаолияти ҳақида сўз юритганда, хусусан, мамлакатимиз 2021 йилда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўз навбатида, 2022 йил декабрида “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти” шафелигида, фуқаролик жамиятининг хотин-қизлар ташкилотлари ва “БМТ-аёллар” тузилмаси иштирокида минтақавий форум ўтказилди.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Пандемия шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йил августида Тошкентда “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз делегацияси 2024 йил февраль ойида Женева шаҳрида очилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 55-сессиясининг Юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этди. Халқаро ҳамжамият эътиборига янги таҳрирдаги Конституция ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни истиқболда янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилди.

Ўзбекистон нафақат Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, балки Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, ЮНЕСКОнинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз билан БМТ ва унинг тузилмалари ўзаро ҳамкорлигининг кейинги даврдаги амалий натижалари ҳақида узоқ тўхталиш мумкин.

Жумладан, 2024 йил февралида мамлакатимизда – Самарқанд шаҳрида БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши ўтказилди. Шу ўринда 2023 йилнинг декабрь ойида бу ерда чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро анжуман ўтказилганини ҳам қайд этиш лозим.

Самарқандда, шунингдек, 2023 йил 16 октябрда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Президенти 2023 йил 1 декабрь куни Дубай шаҳрида ўтказилган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқлигимизнинг ўзига хос тасдиғи бўлди.

Президентимиз 2023 йил 24 ноябрь куни Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида барча иштирокчиларни 1998 йилда Тошкент декларацияси билан таъсис этилган дастурнинг 25 йиллиги ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу қутлуғ санага бағишланган алоҳида резолюцияси қабул қилингани билан қутлаб, Ўзбекистон халқларимизнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида СПЕКА минтақавий дастури доирасидаги кўп томонлама шерикликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Давлатимиз раҳбари 2023 йил сентябрида Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади. Президентимиз, жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибининг энг долзарб масалалари ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида Ташкилот Бош Ассамблеяси томонидан 2024 йил 26 февраль куни "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" резолюцияси бир овоздан маъқулланди. Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.

Резолюция 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради. Давлатимиз раҳбари томонидан туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисида баён этилган тамойиллар ушбу резолюцияда мустаҳкамланган.

БМТ билан ҳамжиҳатликда 2024 йил июнь ойида Самарқандда Марказий Осиёда иқлим ўзгаришларига бағишланган йирик форум ташкил этилди. Бу ўринда кейинги олти йил давомида Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва БМТ ҳамкорлиги асосида анъанавий ўтказиб келинаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг тўртинчи анжумани ҳақида сўз бормоқда.

Келажакда ҳам ўзаро ҳамкорликдаги амалий ишларимиз жуда кўп. Хусусан, ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессияси ҳам 2025 йили Самарқандда ўтказилади.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Зеро, бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти ортиб бормоқда. 

Хулоса қилиб айтганда, Бош котиб Антониу Гутерришнинг  Ўзбекистонга  ташрифи  ва Тошкентдаги музокаралар мамлакатимиз билан БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари ўртасидаги кўп  қиррали  ҳамкорликни янада ривожлантириш, алоқаларни янги ғоялар билан тўлдириш йўлида муҳим қадам бўлиши тайин.

Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямиз, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга, БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги қатъий тасдиғини топган.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech