Ўзбекистонда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар БМТ томонидан изчил қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь – 1 июль кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 1 июль куни бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Кўксарой қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, давлатимиз раҳбари А.Гутерришнинг республикамизга бу галги, иккинчи ташрифи "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.

Ҳамкорликнинг жадал суръати ва мисли кўрилмаган юқори даражаси катта мамнуният билан қайд этилди.

140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди.

Йил бошидан буён БМТ Бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган ойда мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади.

Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Келгуси йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мукофотни топширар экан, А.Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражага етишига қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.

Бош котиб Ўзбекистонда амалга оширилаётган глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кенг кўламли ислоҳотлар ва ташаббусларни, шунингдек, БМТ институтларининг республикамиздаги фаолияти кенгайишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

БМТ раҳбарининг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" ва рақамли тараққиёт, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари қайд этилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги қатъий интилишлар ифодаси сифатида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экдилар.

Шу куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган "ACWA POWER RIVERSIDE SOLAR" қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди.

Олий мартабали меҳмонга 2030 йилгача Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантириш стратегияси, муқобил энергия ишлаб чиқариш соҳасида қувватларни яратиш дастури ҳақида тақдимот қилинди.

Жумладан, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Тошкент вилоятида қиймати 400 миллион долларлик, 200 мегаватт қувватига эга бўлган лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун 460 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 150 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, кейинчалик Паркент туманида 500 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилади. 

Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 130 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 180 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

Асосий мақсад аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдир.

БМТ Бош котиби мамлакатимизда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини айтиб ўтди. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Олий Мажлис Сенатида бўлди.

Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, глобал сиёсат ва минтақавий масалалар бугунги куннинг муҳим мавзуларидандир. 

Учрашувда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ, жумладан, гендер тенглигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга тенг имкониятлар яратиш борасида Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТнинг тавсиялари ҳам муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, парламентлараро муносабатлар кўлами, гендер тенглик, аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқлари, глобал иқлим ўзгаришлари шароитида амалга ошириш лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласида ҳам бўлди.

Маҳалла миллий қадриятлар маскани саналади. Кўплаб хайрли ишлар, эзгу ташаббуслар маҳаллаларда, халқ билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилади. 

Олий мартабали меҳмонга кейинги йилларда бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, энди маҳалла масъуллари янада кенг имконият ва ваколатларга эга бўлгани ҳақида сўзлаб берилди. 

Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тизимга солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими ҳам қўшилиб, “маҳалла еттилиги” жорий этилгани таъкидланди. Улар ўз ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш каби масалаларни ҳал қилишда биргаликда фаолият олиб бориши қайд этилди.

Шу ерда маҳалла аҳли, нуронийлар билан мулоқот бўлди. Унда маҳалла ҳаёти, бу ердаги бошқарув тизими ҳақида сўз борди. Шунингдек, ҳудуддаги кичик хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш объектлари фаолияти билан танишилди. 

Дилбулоқда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳаллада боғча, оилавий поликлиника, спорт мактаби, савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.

Маҳалла идораси янги қурилган. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар таъмирланган. Ҳудуддан ўтувчи анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилган. Ишкомлар, мевали ва манзарали дарахтлар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлаб турибди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маҳалла мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутувчи ноёб институт эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистонда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш учун бу тузилма имкониятларидан кенг фойдаланилаётганини юқори баҳолади. 

Шу билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунланди. 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech