Антониу Гутерриш: БМТ Ўзбекистон билан тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади

ТОШКЕНТ, 1 июль. /"Дунё" АА/. Кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Икки кунлик ташриф арафасида олий мартабали меҳмон "Дунё" ахборот агентлигига интервью бериб, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид саволларга жавоб берди ҳамда мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти бўйича қарашлари билан ўртоқлашди:

 

– Жаноб Гутерриш, дастлабки саволни мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, биринчи навбатда, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, хусусан, камбағалликка қарши курашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, гендер тенглиги ва таълим олишга имконият яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикрларингиздан бошласак...

 

– Ўзбекистон 2030 йилгача бўлган кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларига қатъий содиқлигини намойиш этмоқда.

 

"Ўзбекистон – 2030" стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, "яшил" ривожланиш, коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлигини таъминлаш каби йўналишларга асосий урғу берилган. Трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш, шунингдек, мамлакат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор Ўзбекистон ва унинг қўшни мамлакатлар ўртасидаги хавфсизлик, барқарорлик ва яқин муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев иш ўринлари имкониятларини кенгайтириш, жумладан, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси орқали янада барқарор ҳамжамият ва жамиятлар яратишга кўмаклашиш тарафдори эканини таъкидлагани муҳимдир.

 

– Сўнгги йилларда мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасида маълум муваффақиятларга эришди: болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, оммавий ахборот воситалари эркинлаштирилди, мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган муҳим органлари фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Мазкур йўналишдаги жараёнлар хусусида қарашларингиз билан ўртоқлашсангиз.

 

– Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида ютуқларга эришмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ўтган йили мамлакатингизга ташрифи ҳам бунинг яққол ифодасидир. Умид қиламанки, ушбу муҳим йўналишдаги ҳамкорлигимиз келгусида ҳам давом этади. Пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш, аёллар ва болаларни Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан қайтариш ва реинтеграция қилиш – том маънодаги ижобий ўзгариш ҳисобланади ҳамда бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган намунадир. Мен Ўзбекистонни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка чақираман ҳамда зўравонлик ва гендер камситиш масалаларига ечим топиш, фаол фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидаги ишларни давом эттиришга чорлайман.

 

– Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг глобал кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қатор резолюциялари қабул қилинди, мамлакатимиз Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва ЭКОСОСга сайланди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.

 

– Ўзбекистон БМТ ва унинг органлари билан кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорлик қилмоқда. 2017 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан тўққизта, жумладан, 2024 йилда учта резолюцияни қабул қилди. "Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни" ва "Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги" резолюциялари шулар жумласидандир. Ўзбекистоннинг БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашига (ЭКОСОС) аъзо сифатидаги фаолияти мамлакатингизга жаҳон миқёсида ўз ҳиссасини қўшиш учун яна бир имконият яратади.

 

Жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда Келажак саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мазкур анжуман БМТ Хавфсизлик Кенгашидан тортиб, халқаро молиявий ташкилотларгача бўлган кўп томонлама тузилмалардаги ислоҳотларни кўриб чиқиш имкониятини яратади. Бунда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон муҳим роль ўйнайди. Саммитда ва ундан кейин ҳам БМТ тинчлик ва хавфсизлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади.

 

– Бундан 7 йил аввал Ўзбекистонга ташрифингиз чоғида Орол денгизидаги экологик ҳалокатнинг аянчли оқибатларини кўрдингиз. Ўзбекистоннинг минтақа аҳолисини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган халқаро ташаббуслари самарадорлигини қандай баҳолайсиз?

 

– 2017 йилда Оролбўйи минтақасига борганимда шок ҳолатига тушганимни яхши эслайман. Орол денгизининг йўқ бўлиб кетиши замонамизнинг энг йирик экологик офатларидан биридир. Инқироз оқибатлари атроф-муҳит, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги ва инсон саломатлиги учун ҳалокатли бўлди.

 

Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати, БМТ ва бошқа халқаро шериклар минтақа аҳолисининг эҳтиёжларини қондириш учун ҳамкорликни йўлга қўйди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон шафелигида таъсис этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди бир қатор бошқа ҳукумат ва ташкилотлар кўмагида 16,2 миллион доллар маблағ йиғди ҳамда қиймати 13,5 миллион долларлик 7 та қўшма лойиҳани амалга оширди. Фонд аллақачон 300 мингга яқин аҳоли вакилларининг ҳаётини яхшилашга улгурди. У Оролбўйи минтақасини келажак авлодлар учун иқлим ўзгариши соҳасидаги инновациялар марказига айлантириб, 2030 йилгача барқарор ва иқлимга чидамли ривожланишга эътибор қаратишни ўз олдига мақсад қилган.

 

– Мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирамиз ва Ўзбекистонга ташрифингиз самарали ўтишини тилаймиз.

 

– Раҳмат.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech