2 июль – Ўзбекистон Республикаси
Давлат герби қабул қилинган кун
Давлатчилигимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Шу маънода, давлат рамзларини эъзозлаш ҳар бир инсоннинг ўз қадр-қимматини жойига қўйиш, мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир.
Давлат байроғи ва Давлат мадҳияси каби Давлат герби ҳам халқимиз шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Бинобарин, 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги тарихий қонунга мувофиқ, мустақил давлатимизнинг олий рамзларидан бири – Давлат герби тасдиқланган.
Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, давлат герби милоддан аввалги уч мингинчи йилларданоқ башариятга маълум. Қадим замонларда герб шу давлатнинг ўзига бўлган ишончини, ўз мустақиллигини ҳимоя этишга тайёр эканини, бунёдкорлик мақсадларини англатган ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа жиҳатларини шартли расм ёки белги тарзида ифодалаган.
Археологик қазишмалар юртимизда давлат рамзлари кўп минг йиллик тарихга эга эканини, миллий давлат қурилиши ва маданий ривожланиш тарихи билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади. Жумладан, қадимги даврларда муҳр, танга ва буюмларга шаҳар, давлат ёки ҳунармандчилик уюшмаларининг герби суратларини тушириш кенг тарқалган.
Шу ўринда айтиш жоизки, соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур тузган марказлашган давлат ўзининг герби – уч ҳалқа шаклидаги тамғаси билан дунёга танилган.
Ватанимиз истиқлолга эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари мамлакатимизнинг янги давлат рамзларида, жумладан, Давлат гербида ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби – давлатимиз эгаменлиги, халқимиз мустақиллиги рамзи. Истиқлолни қўлга киритиб, ўз мустақил мамлакатининг Давлат байроғи, Давлат мадҳияси ва Давлат гербига эга бўлгани – халқимизнинг чин маънода озод ва ҳурлиги белгисидир.
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонунда Давлат герби мустақиллигимизнинг рамзи экани ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйилган. Шу билан бирга, қонунда Давлат гербининг қандай кўринишга эгалиги яққол ифодалаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.
Давлат гербининг юқори қисмида саккиз бурчак, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз, марказида Ҳумо қуши тасвирланган. Пастки қисмида юртимиз Давлат байроғини ифода этувчи чамбар тасмасига “O‘zbekiston” деб ёзиб қўйилган.
Биз учун суюк ва буюк ана шу ёрқин тасвирдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маънолар мужассам. Давлат гербида ўз ифосини топган:
- жаннатмонанд диёримиз ҳусн-тароватига ишорат этувчи манзаралар – тоғ, дарё, буғдой бошоғи, ғўза ва чаноқлар;
- халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидлари ифодаси – қуёш, ярим ой, юлдуз;
- жамиятимиз жипслиги белгиси – мусамман, яъни саккиз қиррали юлдуз;
- омад, ҳиммат, олийжаноблик, эрксеварлик ва фидойилик рамзи бўлган афсонавий Ҳумо қуши – буларнинг барчаси миллатимиз, халқимиз ҳаёти, тарихи, маънавияти ва анъаналари билан чамбарчас боғлиқ тимсоллардир.
Давлат гербида марказий ўрин тутувчи Ҳумо қуши рамзини олиб кўрайлик. Манбаларга қараганда, халқимиз Ҳумони азалдан давлат қуши сифатида тасаввур қилиб келган.
Заминимизда неча минг йиллар илгари пайдо бўлган афсоналарда Ҳумо гўзал қуш қиёфасидаги бахт, тақдир ва бадавлатлик тимсоли ҳисобланган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва эзгу интилишларини ўзида мужассамлаштирган Давлат герби – жонажон Ватанимизнинг бетакрор тимсолларидан бири бўлиб қолгани табиийдир.
Давлат герби тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғоз ва облигацияларда, фуқаролик паспортларида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ўринларда акс эттирилган.
Мамлакатимизда давлат рамзлари, шу жумладан, Давлат герби ҳам қонун билан муҳофаза қилинади. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган ўзга шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт.
Давлат рамзларига бўлган муносабатимиз, биринчи галда, шу рамзлар тўғрисидаги қонунларни пухта ўрганиш ва уларга сўзсиз амал қилишимизда янада яққол кўринади.
Давлат гербининг такрорланаётган тасвири, унинг катта-кичиклигидан қатъи назар, қонунда тасдиқланган тасвирга мос бўлиши керак. Бу, ўз навбатида, Давлат гербини нафақат ўрнатиш ёки тасвирини тушириш, балки тарғиб этиш жараёнида ҳам уни қабул қилинган тасниф асосида тўғри талқин этишни тақозо қилади.
Ўзини шу табаррук замин фуқароси деб билган, ўз мамлакати, халқи билан чексиз фахрланган ҳар бир инсон Давлат гербини, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларини Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб эътироф этиши, эъзозлаши тайин.
Мамлакатимизда Давлат герби қабул қилинган сананинг ҳар йили кенг нишонланаётгани, шубҳасиз, халқимизнинг ватанпарварлик ҳис-туйғулари, озодликка ва бахт-саодатга интилиши ҳар бир фуқаромиз учун истиқлол йилларида муқаддас мазмун касб этган давлат рамзларида бор бўй-басти билан намоён бўлаётганидан яққол далолатдир. Бу бежиз эмас.
Чунки Ватанимизх тимсоллари ва давлатимиз рамзлари миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар қайсиси катта бир дарслик, улуғ тарбия воситасидир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 02.07.2024
- Кўришлар: 1464
- Чоп этиш