Мамлакатимизда жорий йил 13-14 июнь кунлари “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форумида 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари офф-лайн ва он-лайн иштирок этди. Форум иштирокчиларидан миннатдорчилик хатлари келишда давом этмоқда.
Бу мактубларда аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқларида мазкур Форумни ўтказиш ташаббусини илгари сургани ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаат йўллагани учун миннатдорчилик билдирилган. Шунингдек, анъанавий халқаро анжуманнинг юксак профессионал даражада ва юқори савияда ташкил қилингани эътироф этилган.
Ўзбекистон томонининг саъй-ҳаракатлари туфайли Самарқанд форуми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш учун ўзига хос платформа бўлди, дейилади миннатдорчилик хатларида. Форум инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммо ва таҳдидларни бартараф этиш бўйича тавсия ва стратегияларни ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларининг аҳамияти ва уларни ҳимоя қилиш зарурлиги тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш учун қулай майдонга айланди.
Мактублар муаллифларининг фикрича, атроф-муҳит муаммолари ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги муносабатларга бағишланган бу галги Форум мавзуси мисолида иқлим ўзгаришининг тезлашиши, табиий ресурсларнинг камайиши ва атроф-муҳитнинг таназзулга учраши шароитида ушбу муаммоларнинг долзарблиги яна бир бор таъкидлангани жуда муҳим.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми иштирокчилари инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш соҳасида янада самарали ҳамкорлик қилиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ эзгу амалларни биргаликда изчил давом эттиришга ишонч билдирганлар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.07.2024
- Кўришлар: 1365
- Чоп этиш