3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Нидерландия Бош штатлари вакиллар палатаси (Парламенти) Ташқи ишлар қўмитасининг раиси Раймонд де Рун билан учрашди.
Учрашув А.Саидовнинг Гаагага амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Нидерландия парламентлараро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Раймонд де Рун Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида барча соҳалар, жумладан, парламентлараро алоқалар борасида ҳам ўзаро ҳамкорлик суръати изчил ўсиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Нидерландия томони мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, демократлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларига катта қизиқиш билдирди.
Шунингдек, парламентнинг давлат органлари тизимидаги роли ва ўрнини ошириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги парламентлараро алоқаларни икки ва кўп томонлама, жумладан, Парламентлараро Иттифоқ ва Европа парламенти доирасида ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1266
- Чоп этиш