Сурхондарёда “Қийноққа солишга қарши кураш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзуига бағишланган сайёр ўқув йиғини бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 7 фервалда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ўқув машғулотларида Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи, жазони ижро этиш муассасаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари иштирок этди.
Ўқув йиғини очилишида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш. Шадиев инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган мамлакатимизда шахс ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириб, унга риоя этилишини таъминлаш, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Бу жараёнда ташкил этилган мазкур ўқув йиғини аҳамияти хусусида фикр алмашди. Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматулла Йўлдошевнинг онлайн мурожаатини тинглади.
Икки кунлик машғулотларда тингловчилар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофоза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси давлат ва ҳуқуқ институти, ИИВ Академияси, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва мутасадди ходимларнинг мавзу юзасидан маърузалари билан яқиндан танишди. “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа солиш учун жавобгарлик масалалари”, “Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш жараёнлари ва маҳкумлар ҳуқуқлари”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Нелсон Манделла қоидалари” ҳамда “Янгиланган Нелсон Манделла қоидалари”нинг мазмун-моҳияти ҳақида етарли маълумотларга эга бўлди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Сайёр ўқув йиғин якунида фаол иштирок этиб, синовларни муваффақиятли топширган ходимларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг белгиланган намунадаги сертификати топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1288
- Чоп этиш