Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Саудия Арабистони Шўро Кенгаши “Саудия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси Муҳаммад бин Абдулазиз Ал-Жарба бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Подшоҳликнинг етакчи ахборот агентлиги – SPA ушбу мулоқот тафсилотини кенг ёритди.
Мақолада тарихий алоқалар, умумий қадриятлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабат учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани, давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда ўзаро алоқалар янги сифат босқичига кўтарилгани эътироф этилган. Хусусан, товар айирбошлаш миқдори, қўшма корхоналар ва ҳаво қатнови сони ортиб бормоқда. Яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳаларида, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ахборот технологияларини ривожлантириш каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон-2030” ва “Нигоҳ-2030” стратегия дастурларидаги тараққиётга йўналтирилган мақсад, вазифалар ўхшаш. Делегация аъзоларига Стратегия доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қонунчилик палатаси фаолияти, қонун ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталари иш услуби, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда икки томонлама муносабат изчил ривожланаётгани, икки ва кўп томонлама ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани, сиёсий, иқтисодий мулоқот фаоллашгани ижобий баҳоланди.
Шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни, хусусан дўстлик гуруҳлари фаолиятини чуқурлаштириш, ташрифлар алмашинувини давом эттириш, Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш, туризм ва бошқа устувор соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини биргаликда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони – Ўзбекистон парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кейинги йилларда амалга оширилган мутаносиб, очиқ ва конструктив ташқи сиёсатни, кенг кўламли ислоҳотлар самарасини алоҳида таъкидлади.
Зеро, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратаётган эътибори бугун амалий саъй-ҳаракатларда яққол намоён. Делегация раҳбари Ўзбекистонда турли соҳалар, жумладан туризм бўйича кенг имконият, салоҳият мавжудлигини мамнуният билан қайд этиб, айни йўналишда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши, ўзаро ҳамкорлик янада ривожланишига ишонч билдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 04.07.2024
- Кўришлар: 1273
- Чоп этиш