30 июнь – 1 июль кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг навбатдаги 23-сессияси Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. ИҲТ қароргоҳида ташкил этилган ушбу тадбирда ташкилотга аъзо барча давлатлар вакиллари иштирок этди.
Сессия ишида ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, БМТ вакиллари, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасем Муҳаммад Ал Будайви, Араб давлатлари лигаси Бош котибияти вакиллари ҳамда минтақавий ташкилотлар экспертлари, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлди.
Ушбу тадбирда мамлакатимиз вакиллари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова ва Миллий марказ эксперти Ойбек Аҳмадов қатнашди.
30 июнь куни очиқ тарзда бошланган сессия “Сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсири: муаммо ва имкониятлар” мавзусига бағишланди.
Тадбир ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ижрочи директори Нура бинт Зайд Ал Ршуднинг табрик сўзлари билан очилди. У ўз нутқида ИҲТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларини ошириш устида иш олиб борилаётганига тўхталиб, асосан исломофобия, мусулмон озчиликлар ҳуқуқлари, оилавий қадриятлар, аёллар ва болалар ҳуқуқлари каби масалалар кўриб чиқилаётганини таъкидлади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси, элчи Талал Ал-Мутайри ўз нутқида мазкур Комиссиянинг ташкил этилишини ИҲТ тарихидаги муҳим босқич сифатида қайд этди. Шунингдек, у сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ сессия мавзусига тўхталиб, Комиссия манфаатдор томонлар ва экспертлар ўртасида муҳокама ташкил этиш орқали ушбу масала бўйича ташаббус кўрсатишга интилаётганини таъкидлади.
Муҳокамаларнинг якуний ҳужжати сунъий интеллект технологияларини ахлоқий ривожлантириш, тарқатиш ва қўллаш бўйича миллий сиёсат асослари ва ҳаракат режаларини шакллантириш учун қўлланма бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ўзи раҳбарлик қилаётган халқаро ташкилот мазкур Комиссия ва унинг аъзоларини инсон ҳуқуқлари бўйича олиб бораётган ишларида доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Бош котиб ўз нутқида технологик тараққиётнинг асосий ҳуқуқ ва қадриятларга мос келишини таъминлаш учун сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсирини тушуниш муҳимлигини қайд этди. Ислом оламининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO “Сунъий интеллект бўйича Ислом олами Хартияси”ни яратишда етакчилик қилаётганини ҳам эслатди.
Сессиянинг асосий қисми “Сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсири: муаммо ва имкониятлар” мавзусидаги маърузаларга бағишланди. Унда халқаро экспертлар, соҳа вакиллари ва ИҲТга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этди.
Мазкур сессияда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д.Муратова “Сунъий интеллектнинг инсон ҳуқуқларига таъсири” мавзусидаги маъруза билан иштирок этиб, мавзуга оид бир қанча таклифларни илгари сурди. Ушбу таклифлар сессия қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди ва ижобий баҳоланди.
Маърузалар тинглангач, Комиссия аъзолари ва кузатувчи мақомидаги давлатлар вакиллари иштирокида мавзу доирасида очиқ муҳокамалар бўлиб ўтди.
Асосий қисм якунида сессиянинг муваффақиятли ўтишидаги фаол иштироки учун ИҲТ Комиссияси ижрочи директори Нура бинт Зайд Ал-Ршуд томонидан 6 нафар иштирокчига Комиссиянинг махсус ташаккурномалари топширилди. Ўзбекистон вакили Д.Муратова ҳам ташаккурнома билан тақдирланди.
Сессиянинг иккинчи куни – 1 июлда “Халқаро суднинг Ғазо бўйича қарори: келажак учун оқибатлари ва олдинда турган энг мақбул йўл” мавзусида ИҲТ Комиссиясининг юқори даражадаги тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирда, хусусан, Фаластин давлатининг БМТдаги доимий вакили, элчи Риёз Мансур, Саудия Арабистонининг ИҲТдаги доимий вакили, элчи доктор Солиҳ Суҳайбоний, Фаластиндаги “Ал-Қуддус номли инсон ҳуқуқлари клиникаси ва жамоат ҳаракати маркази” директори доктор Мунир Нусайба, Араб давлатлари лигаси Инсон ҳуқуқлари бошқармаси директори Мунир Ал Фассий каби экcпертлар иштирок этди. Улар Ғазодаги гуманитар инқироз масаласида Халқаро суднинг қарори юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўз навбатида, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 23-сессиясининг иши 3-4 июль кунлари ёпиқ тарзда ўтказилиши режалаштирилган. Бунда инсон ҳуқуқларига оид турли муаммолар, хусусан, исломофобия, мусулмон озчиликлар, аёллар ва болалар ҳуқуқлари каби устувор масалаларни ҳал этиш бўйича Комиссия ишчи гуруҳлари томонидан муҳокамалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1425
- Чоп этиш