11 июль куни Тошкент шаҳрида “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар” мавзудаги онлайн ўқув курси якунига етди. Ушбу уч кунлик маърифий тадбир Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 45 йиллигига бағишланди.
Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Машғулотларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ушбу Марказнинг ҳуқуқшунослари, жами 43 нафар тингловчи онлайн иштирок этди.
Ўқув машғулотларининг учинчи куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази таянч докторанти Нилуфар Мансурованинг чиқиши билан бошланди. У “Замонавий ўзбек оиласидаги зўравонлик ва ислом ҳуқуқи: ахлоқ, қонун ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маъруза қилди.
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий маркази психологи Умида Турғунова тингловчилар билан психологик-педагогик тренинг машқларини ўтказди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Иззатилло Исмоиловнинг “Юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Муҳокамалардан сўнг иштирокчилар ўқув курси якуни бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тингловчиларга “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар” мавзудаги онлайн ўқув курсини тугатганлиги юзасидан сертификатлар тақдим этилди.
Машғулотлар Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ижроси доирасида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.07.2024
- Кўришлар: 1564
- Чоп этиш