Қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга 22 та депутат сўрови юборилди

12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб қўмитанинг 2024 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш каби муҳим йўналишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, қўмита қонун ижодкорлиги йўналишида 6 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Ушбу қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича ўтказилган бир қатор ишчи гуруҳ ҳамда экспертлар гуруҳи йиғилишларида қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилиб, пишиқ-пухта ҳолатга келтирилган.

Шунингдек, қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ҳамда қуйи палата қарори ижросини мониторинг қилишга оид 5 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.

Бундан ташқари, қўмита аъзолари томонидан мансабдор шахсларга сайловчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 22 та депутат сўрови юборилган.

Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, қўмита номига келиб тушган жами 159 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Уларнинг аксарияти ижобий ечим топган. Қўмита фаолияти оммавий ахборот воситаларида 1643 маротаба ёритилган.

Иштирокчилар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2024 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” бандларининг бажарилиши юзасидан ахборотлари эшитилди. Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари Кенгашининг тегишли қўшма қарори ижроси юзасидан Парламент тадқиқотлари институти директорининг маълумоти тингланди.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech