Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Салим бин Муҳаммад ал-Малик: Ўзбекистон – баракали замин, маънавият хазинаси, ислом цивилизациясининг буюк мероси соҳибидир

Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик "Дунё" ахборот агентлигига интервью берди.

– Бош директор жаноблари, биламизки, сиз Ўзбекистонга бир неча бора ташриф буюргансиз. Бугунги суҳбатимизни мамлакатимиз ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак. Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз, унинг тарихи, маданияти, замонавий тараққиёти ва халқаро майдондаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мен Ўзбекистонга келганимда ҳар сафар ўзим учун янгидан-янги қирраларни кашф этаман. Бой тарих ва бетакрор маданий меросга эга ушбу ўлкадан завқ оламан. Бинобарин, ушбу жиҳатлар мамлакатнинг асосий рамзларидан бири бўлган – давлат байроғидаги ёрқин рангларда ҳам ўз аксини топган.

Ўзбекистон байроғининг илҳомбахш этувчи рангларини кўздан кечираётганимда, бу байроқ оддий туғ эмаслигига, у ўзида чуқур маъноларни ифодаловчи муқаддас рамзлигига амин бўлдим. Байроқ, фахрли воқеаларга бой давлат тарихига таянадиган рамзий рангларни ифодаловчи рисоладир. Бу заминнинг ерлари унумдор ва барокатлидир. Халқи эса тинчликпарвар ва осойишталик неъматини юксак қадрлайди.

Ўзбекистон байроғидаги мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт тимсолини акс эттиради. Бу ранг, шунингдек, ҳаётнинг давомийлиги, халқнинг умид ва интилишларини ўзида ифодалаган.

Оқ ранг эса ўзбек халқининг тинчлик, адолат ва тараққиётга интилишини тасдиқлайди. Байроқдаги яшил ранг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳақидаги саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган самовий – Сирдарё ва Амударёнинг унумдорлигидан далолатдир.

Ўзбек заминида, билимга чанқоқ, тинчликка интилувчи халқ яшайди. У маърифатпарвар халқлар орасида муносиб ўрин эгаллашини азалдан исботлаб келган.

Албатта, Ўзбекистон – баракали замин, маънавият хазинаси, ислом цивилизациясининг буюк мероси соҳибидир. Бугун эса биз инноватор, Учинчи Ренесансга пойдевор қўяётган, ҳамкорликка очиқ, дунёвий демократик тараққиётга содиқлигини исботлаган, замон билан ҳамнафас, ўз маданиятини тиклаётган Янги Ўзбекистонни кўряпмиз.

Мамлакатингизнинг бугунги кунда халқаро майдондаги фаол позицияси яққол кўзга ташланмоқда. Ташкилотга келсак, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги 15 йил ичида Тошкент, Бухоро ва Хива Ислом маданияти пойтахтлари деб эълон қилингани юртингизнинг буюк тарихига юксак ҳурмат ва унинг ислом дини ҳамда маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси эътирофидир.

– ICESCO Ўзбекистоннинг буюк тарихини тиклаш, бой тарихий, маданий ва маънавий меросини дунёга очиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодлар учун етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қандай баҳолайди ва бу жараёнда ташкилот қандай ёрдам кўрсатмоқда?

– Ўзбекистонда ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини тарғиб қилиш, улуғ муҳаддислар маънавий меросини ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш, ёш авлодни буюк аждодлар меросига муносиб ҳолда тарбиялаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш истагида бўлган мусулмонлар учун кенг имкониятлар яратиш борасида улкан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини кўриб турибмиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ аждодларингиз номлари Ўзбекистон ва унинг ислом оламидаги идроки билан узвий боғлиқ. Бу илоҳиёт олимларини етиштирган муборак замин билан ҳамкорликни ривожлантириш биз учун катта шарафдир.

Ўзбекистон ва ICESCO ўртасидаги яқин ҳамкорлик ташкилот томонидан 2007 йилда Тошкентни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганидан бошланди. Ўша қутлуғ санадан бошлаб ўзаро манфаатлар, ҳурмат-эҳтиром асосида, муқаддас динимиз – дунёвий ва маърифий исломни мустаҳкамлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз.

Ташкилотнинг барча аъзолари Самарқанд шаҳрининг 2025 йилда Ислом дунёси пойтахти деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлаганидан мамнунмиз. Биз бу борада Ўзбекистоннинг турли тадбир ва анжуманлар ўтказиш бўйича барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

– Янги Ўзбекистонда илм-фан ва таълим ривожига, жумладан, ўзбек халқининг маънавий меросини ўрганишга қаратилаётган эътибор ҳақида фикрингиз ҳам биз учун муҳим...

– Ўзбекистон раҳбари, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг жамиятда таълим ва илм-фаннинг ролини ошириш, маданиятни асраб-авайлаш ва юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини Аллоҳ таоло барокатли қилсин.

Мамлакатда ижтимоий тараққиётнинг бу муҳим масалаларига қанчалик ҳар томонлама ва оқилона ёндашилаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Давлатингиз раҳбари маънавият – тарихий бинонинг гумбази, муносиб келажак пойдевори эканини яхши тушунади. У асрлар давомида миллионлаб инсоний тақдирлар асосида шаклланган.

Пухта таҳлил ва илмий холислик туфайли олимларнинг саъй-ҳаракатлари, Ўзбекистон тарихининг энг муҳим саҳифалари қайта очилди, кўплаб атоқли маданият, фан арбоблари, ўзбек халқининг буюк аждодлари номлари қайта тикланди. Аввало, Шарқ Уйғониш даврини бошлаб берган Амир Темур ва Темурийлар даври ўзининг муносиб баҳосини олди. Темурийлар давридаги маърифатли Мовароуннаҳр руҳи, илм-фан ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши Европа Уйғониш жараёнига катта таъсир кўрсатди ва жаҳон тамаддунига хизмат қилди. Соҳибқирон Амир Темур бугун нафақат Ўзбекистон халқининг, балки бутун инсониятнинг фахридир.

Шарқнинг буюк мутафаккирлари – Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ал-Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа ўзбек заминидан етишиб чиққан даҳоларнинг табаррук номлари, бетакрор асарлари ва ишлари қайта тикланди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни халқ маънавиятининг муносиб давомчисига айлантириш борасидаги устувор вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилмоқда.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ўзбек халқининг улкан меросини асраб-авайлаш ва ўрганишга садоқатини, илм-фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссасини ўзида мужассам этгани юксак эътирофга сазовордир.

– Мамлакатимизда маънавият соҳасида олиб борилаётган сиёсат борасида фикрингизни билмоқчи эдик. Сизнингча, маънавиятни юксалтириш мамлакатнинг замонавий тараққиётига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин?

– Тарихдан маълумки, маданият ва таълим, тиббиёт, адабиёт, санъат ва меъморчилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва қурилишнинг жадал равнақ топишига туртки бўлган бундай цивилизациянинг юксалиши, авваламбор, минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш орқали амалга ошди. Бинобарин, сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон фаолиятининг барча жабҳаларида, айниқса, маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва муваффақиятларга тарихий нуқтаи назардан қарасак, уларни ҳақли равишда мустақиллик Ренессанси даври ютуқлари, деб айтишимиз мумкин.

Ўзбекистоннинг маънавий қадриятларни тиклаш бўйича танлаган йўли маданият соҳасида ҳам ўзининг нақадар тўғрилигини тасдиқлади, бунда давлат нафақат бош ислоҳотчи, балки хайрихоҳга айланди. Бугун биз бу кўмак нақадар конструктив бўлганини, санъат ривожига қандай улкан туртки берганини кўриб турибмиз.

Мамлакатда ўтказилаётган халқаро фольклор мусиқа фестиваллари, мақом, бахшичилик, "Шарқ тароналари", ҳунармандлар анжуманлари ва бошқа анъанага айланиб бораётган кўплаб тадбирлар бунинг яққол тасдиғидир.

Яқинда Зоминда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этдим. Мазкур фестивалнинг ташкил этилиши юксак таҳсинга сазовор бўлиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг маданий қадриятларга бўлган шахсий эътибори ва юксак муносабатини намоён этади.

Маънавият, маданият ва санъат инсон қалбига осонликча кириб борадиган қудратли воситадир. Шунинг учун ҳам инсонларни бирлаштириб, уларни Ватан ва халқ манфаатлари, эзгулик ва инсонпарварлик тамойиллари билан боғлиқ янги марраларга ундайдиган ана шундай муқаддас тушунчалар борлигини тўғри англаш ҳам жуда муҳим. Ҳар бир инсон уларни ўз ҳаётининг асосий мезони, ўз фаолиятида уларни дастуриламал деб билса, шубҳасиз, бу ишнинг натижалари том маънода маънавий камолотга хизмат қилади.

– Жаноб Салим ал-Малик, мазмунли ва батафсил жавобларингиз учун миннатдорлик билдирамиз.

– Ташаккур.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech