Ўзбекистон вакили Ўмон давлатида инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказилган минтақавий форумда қатнашди

24-25 июль кунлари Ўмон давлатининг Салалаҳ шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қарашларни режалаштириш ва амалга оширишни мониторинг қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзуида минтақавий форум бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси, Қатар давлатининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ тузилмалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Араб тармоғи, Араб давлатлари лигаси бош котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда минтақадаги давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашмоқда. Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Рашид Ҳамад ал-Балушининг таклифига биноан, тадбирда мамлакатимиз вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этмоқда.

Минтақавий анжуманда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қарашларни режалаштириш ва амалга ошириш жараёнларини мониторинг қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тутган ўрни масаласи экспертлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумот учун: 2024 йил 13-14 июнь кунлари юртимизда бўлиб ўтган “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзуидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Рашид Ҳамад ал-Балуши билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилганди. Учрашувда ҳамкорлик меморандумини имзолаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, халқаро конференцияларда иштирок этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech