26 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Ушбу маърифий тадбир 30 июль — Бутунжахон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди.
Давра суҳбатида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаоллари қатнашди. Мулоқотда, шунингдек, Миллий кутубхона тасарруфидаги 14 та ҳудудий ахборот-кутубхона маркази вакиллари онлайн иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят-қидирув департаменти жиноят-қидирув хизмати уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Одам савдосига қарши курашиш бўлими етакчи мутахассиси подполковник Зуҳра Ходжаева, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти етакчи мутахассиси подполковник Эшон Тўраев, Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий-ахборот маркази ҳуқуқшунослари Шоҳруҳ Раҳмонов ва Азиза Мусаева, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ҳамидулло Мўминов ва Ҳусниддин Холмаматов мавзу юзасидан маъруза қилди.
Сўзга чиққанлар барчани одам савдосига қарши изчил курашишга ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ҳар томонлама огоҳ бўлишга чорлади. Мазкур масалага масъулият билан ёндашиш одам савдосига қарши курашда ижобий кўмак бўлиши алоҳида таъкидланди.
Тадбирда юртимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича сўнги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари тўғрисида маълумот берилди. Бунда инсон ҳуқуқларини таҳқирловчи хатти-ҳаракатлар, шу жумладан фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш халқаро ҳамжамият томонидан қабиҳ ишлар қаторига қўйилганига эътибор қаратилди.
Миллий кутубхона ташаббуси билан одам савдосига қарши кураш мавзусига оид адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр қилинган ҳуқуқий адабиётлар беғараз тақдим қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.07.2024
- Кўришлар: 1291
- Чоп этиш