Бугун адлия вазири ўринбосари Ш. Рабиев Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Миллий қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти раисининг ўринбосари жаноб Цзян Цзяньго билан учрашди.
Учрашув бошида Ш. Рабиев икки давлат ўртасида барча соҳаларда ривожланиб бораётган ўзаро манфаатли муносабатларга тўхталиб, сўнги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан адлия ва ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида айтиб ўтди.
Жаноб Цзян Цзяньго самимий ва илиқ қабул учун миннатдорчилик билдириб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш Ўзбекистон ва Хитой каби ривожланаётган давлатлар учун муҳим бўлиб ҳисобланишини, икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли бўлган масалалар жуда кўп бўлиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласида ҳам биргаликда амалга оширадиган вазифалар мавжуд эканлигини таъкидлади.
Меҳмонларга Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси ҳамда миллий қонунчиликда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалар ҳақида, Адлия вазирлиги томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар тавсияларини ва андозаларини амалиётга жорий қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумотлар берилди.
Учрашув давомида кўтарилган саволларга асосан Ўзбекистонда гендер тенгликни ва ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари таълими, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда давлат идораларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлашдаги ўзаро фаолиятлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Учрашув сўнгида Жаноб Цзян Цзяньго тақдим қилинган маълумотлар учун миннатдорчилик билдириб, амалга оширилган ташриф ташкилотлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликда ишлаш бўйича тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Адлия янгиликлари Telegram канали
- Қўшилди: 30.07.2024
- Кўришлар: 945
- Чоп этиш