Одам савдоси: Инсон ҳуқуқи ва ахлоқий мажбурият

Одам савдоси инсонни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, ундан жинсий эксплуатация ёки бошқа ноқонуний мақсадда фойдаланишни англатади. Ҳар йили миллионлаб одам қурбонига айланадиган, глобал миқёсда тарқалган ушбу муаммо нафақат инсон ҳуқуқига зид тушунча ҳисобланади, балки жамият ва иқтисодиётга сезиларли салбий таъсир кўрсатади.

Одам cавдосининг асосий турлари сифатида қуйидаги омиллар эътироф этилади:

Мажбурий меҳнат – инсон ишга мажбуран жалб этилади ва бу жараёнда унинг эркинлиги чекланади.

Жинсий эксплуатация – шахс, кўпинча ёш қизлар ва аёллар жинсий савдога жалб этилади.

Бола савдоси – бола мулоқотдан маҳрум қилиниб, меҳнат ёки жинсий эксплуатацияга дучор қилинади.

Одам савдосига қуйидаги муаммолар сабаб бўлиши мумкин:

Иқтисодий муаммо – камбағаллик, иш жойи йўқлиги кўплаб инсонларни хавфли йўлларга – ноқонуний ишга етаклайди ёки одам савдоси қурбонига айлантиради.

Ижтимоий ва сиёсий вазият – уруш, зиддият ва сиёсий беқарорлик кишини ўз ватанидан қочишга мажбур қилади. Бундай ҳолатда одамлар хавфли шароитда иш топиш умидида одам савдосига дуч келади.

Маълумот етишмаслиги – муайян муаммо ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаслик инсонни қийинчиликка дучор қилади. Одам савдоси ҳақида маълумот йўқлиги бу қандай жиноий ҳаракат эканини тушунишга тўсқинлик қилади.

Одам савдоси инсон ҳуқуқига оид асосий принципларни бузади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 21-моддасида шундай дейилган:

– Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқи ва эркинлигини амалга оширишда бошқа шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлиги фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳоли соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахслар ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Одам савдосига дуч келган шахс ўз ҳақ-ҳуқуқини йўқотади ва қийинчиликка дуч келади.

Тенг ҳуқуқлилик – одамлар жинсий, ирқий, диний ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ҳуқуқга эга ҳисобланади. Инсоннинг ҳаёти ва хавфсизлиги жамиятда муҳим аҳамият касб этади. Унинг эркинлигини чеклаш инсониятга қарши жиноятдир.

Кишилар одам савдосига оид ахборотга, бу ҳақда тушунчага эга бўлиши, айни муаммо билан курашиш учун қандай ҳаракатланишни билиши шарт. Одам савдосига доир қонунчиликни такомиллаштириб бориш, аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, ўз навбатида, одам савдоси қурбони бўлган киши қандай оқибатга дуч келиши мумкинлиги, бу ҳолатда қандай ҳуқуқий асосга таяниши кераклигини англашга ёрдам беради.

Хулоса шуки, одам савдоси – жиддий муаммо. Бу масала ечими учун инсоният, ҳамжамиятлар бирга ҳаракат қилиши лозим. Мазкур иллатга қарши курашишда инсоннинг ҳуқуқи ва аҳлоқий мажбуриятларига амал қилиш жуда муҳим. Ҳар биримиз инсон қадри ва озодлигини ҳурмат қилишимиз, одамлар ҳимоясини таъминлашимиз керак. Шу ўринда барчамиздан  огоҳлик, инсонлар орасида бир-биримизга нисбатан эътиборли бўлиш талаб этилади. Шундагина одам савдосига қарши кураш ишига ҳисса қўшган бўламиз.

Ҳамидулло Мўминов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий

маркази масъул ходими

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech